Миллиардер Уоррен Баффет'нинг Twitter'даги бор-йўғи 9 та твити

Миллиардер Уоррен Баффет'нинг Twitter'даги бор-йўғи 9 та твити

Уоррен Баффет 1930 йилнинг 30 август куни Американинг Небраска штатида туғилган. У 2008 йилда “жаҳонинг энг бой кишиси” номини қўлга киритган. Инвестиция билан шуғулланувчи Berkshire Hathaway компанияси раҳбарининг ҳисобидаги маблағи 70 млрд АҚШ долларидан зиёд.

Баффет ёшлигидаёқ пул жамғаришни бошлаган. У эшикма-эшик юриб сақич, Cоcа-Cоlа ёки ҳафталик журналларни сотиш билан шуғулланган. Бир қанча вақт давомида бобосининг баққоллик дўконида ҳам ишлаган. Юқори синфларда ўқиб юрган кезларида газеталар тарқатиш, гольф коптоклари, маркалар сотиш ва машиналарни тузатиш орқали анча-мунча пул йиғади.

Айни пайтда сайёрамизнинг энг бой кишиси ва яқин тарихнинг энг фаол сармоядори бўлган Уоррен Баффет 87 ёшга кирган бўлса ҳам, ҳозиргача тиним билмас ва камтарона ҳаёт кечириши билан ном қозонган.

Twitter тармоғига 2013 йилда кириб келган бўлса-да, Уоррен Баффет ўзининг 1.3 миллион нафар издошларига бугунга қадар бор-йўғи 9 маротаба твит қолдирган. Ўзи эса бу тармоқда ҳеч кимни кузатмайди.

Миллиардернинг твитлари орасида қизиқарли. Биз улар билан танишиш учун жаноб Баффетнинг турмуш тарзи каби камтар твитер саҳифасига назар ташладик.

Тадбиркор тармоққа қўшилган илк кун жуда фол бўлган ва нақ 2 та твит қолдирган. Бунақаси бошқа бўлмаган.

Биринчи твитида Уоррен Баффет ўзининг уйда эканини эълон қилган бўлса, иккинчисида миллиардер "Fortune" журналида аёлларнинг Америка тараққиётидаги ўрнига бағишланган суҳбатини реклама қилган.

Учинчи твитида сармоядор Ҳиллари Клинтонни Twitter тармоғида саҳифага эга бўлгани билан қутлайди. Ҳиллари хоним ҳам у каби тармоққа анча кеч аъзо бўлган. "Салом, Ҳиллари Клинтон! Ўзим яхши кўрган аёлларнинг бирини тармоққа ташрифини олқишлашдан мамнунман!" дейилади бу твитда. Твитдаги #45 ҳештеги эса АҚШ президентлиги учун 2016 йилги сайловларда Клинтон иштирок этиши кераклигига ишора бўлган. Шундай бўлди ҳам!

Бир неча ой Твитерда кўринмай кетган Баффет сукутини ана шу твит билан бузган. 2013 йилнинг сентябрида 4-твит қўйилди. Бу галгиси сурат билан! Постида миллиардер машҳур телесериал қаҳрамонига монанд равишда акс этган. "Ҳатто Oracle ҳам бир тунда нималар содир бўлишини билмайди", деб фикр қолдирган у. Ўша тунда милилардер биржа савдоларида анча-мунча маблағини йўқотган кўринади.

Шундан сўнг Баффет тармоқда бирор фикр айтиш ўрнига ўзини реклама қилишга киришиб кетади. Мисол учун юқоридаги твитда ҳам Баффет ўз акциядорларига йўллаган мактубини ҳавол қилган. Бу мактубида у ўз қарашлари, хато ва ютуқлари ҳақида тўхталган эди.

Твитерда бир йилдан узоқ давом этган сукутдан сўнг Уоррен Баффет твити орқали жамоатчиликка 2.5 млрд долларлик Berkshire Hathaway компаниясини бошқараётган Мери Райнҳартни таништиради.


Кейинги твит эса ҳар қачонгидан жиддийроқ ва муҳим.

Баффет пулга ўч одам эмасдек. Унинг камтар уйини, фаст-фуд билан тамадди қилишини кўриб, бу одам фақат қоғоздагина бой-бадавлат эканига ишонч ҳосил қиласиз. Бироқ, инсонийлик ҳамда ватанпарварлик учун у ўз давлатини аяб ўтирмайди.

"Юкнинг енгил бўлгани яхши. Даромад солиғини кўтаринг америкаликларни бойиш юкидан халос қилинг!" дейилади бу твитда. Бу орқали миллиардер оддий аҳолининг даромадини ошириш йўлларини кўриш зарурлигини киноявий тарзда баён қилган.

Баффет бошқа бойлар каби Твитерини юритиш учун одам ёлламагани сезилиб турибди. Акс ҳолда, унинг доно фикрларидан Твитер фойдаланувчилари максимал даражада баҳраманд бўлган бўлар эдилар.

8-твитда Баффет Berkshire Hathaway ҳолдинг компанияси ҳар йили ташкил қиладиган акциядорлар учрашувини интернет орқали олиб узатилишини реклама қилган.

Ва, албатта бой билан бой дўст бўлиши мумкин. Кейинги твит унинг энг яқин ҳамкори ва дўсти Билл Гейтсга бағишланди. Улар биргаликда энг яхши суҳбатдошга айланадилар. 2016 йилнинг июлида Билл ўз дўсти билан 25 йил олдин тушган суратни эълон қилади. Баффет ҳам Твитерда бунга жавоб қайтаради.

"25 йиллик биргаликда ўрганиш ҳамда вақтичоғлик қилиш ва ҳоказолар. Дўстлик учун шулар ҳисоб".

Шу-шу бўлди-ю, Уоррен Баффет Twitter'да бошқа кўринмади. Бунинг сабабини ҳеч ким билмайди. Эҳтимол, калит сўзни унутди ёки қизиқ бирор мавзу йўқ.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.