Ўзбек йигити қандай қилиб Amazon компанияси ходимига айлангани ҳақида

Ўзбек йигити қандай қилиб Amazon компанияси ходимига айлангани ҳақида

Халқаро пресс-клубда ташкиллаштирилган мулоқотларнинг бирида IT-соҳасида фаолият юритувчи тадбиркор шундай фикр билдирган эди: «Сингапур мамлакатида бўлганимизда кўчаларда, ҳиёбонларда қўлида бири китоб, бири смартфон, бири планшетда нималарнидир диққат билан ўқиб ўтирган болаларни кўрсатиб, ўғлимга: келажакдаги рақибларинг Тошкентда эмас, мана шу болалар бўлади, дегандим...» Чинданам, ахборот технологиялари асрида бизнес чегара билмайди. Чинакам муваффақиятга эришиш учун нафақат ён-атрофдагилар, балки дунёнинг энг кучли мутахассислари билан рақобатлашишга тўғри келади. 

Дунёнинг йирик компанияларида ишлаётган юртдошларимиз сони сўнгги вақтларда ошиб боряпти. Бугун уларни Google, Facebook, Microsoft, Amazon каби гигантлар ходимлари сафида учратасиз. Истеъдодли кадрларимизнинг хорижга чиқиб кетиши бироз ачинарли бўлсада, бу ҳолатнинг позитив жиҳатлари ҳам кўп. Энг асосийси, уларнинг аксарияти ғояларини, лойиҳаларини ўзимизда ҳам жорий қилишяпти. Суҳбатдошимиз Фарҳод Мусаев ҳам жаҳоннинг энг йирик компанияларидан бири — Amazon тармоғида ишлаш билан бирга, юртимизда жуда муҳим лойиҳага асос солган. Унинг «CodeCraft» таълимий лойиҳаси орқали болаларга дастурлаш сирлари ўргатилади. Бундан роппа-роса 2 йил аввал Тошкентдаги ИНҲА университети қошида очилган бу курслар ёш истеъдодларни кашф қилишда давом этяпти. 

— Биз тобора ахборот технологияларига ихтисослашиб бораётган дунёда яшаяпмиз, — дейди Фарҳод Мусаев. — Табиийки, бу жараёнда юқори малакали IT-мутахассислар: IT-инфратузилмаси муҳандислари, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари, дастурий маҳсулотлар яратувчилари, веб-дизайнерларга талаб жуда юқори бўлади. «Узилиш» рўй бермаслиги учун меҳнат бозорига малакали иқтидорларни етарли даражада тайёрлаб бериш зарур. IT-мутахассисларни тайёрлашда фақат коллежлар ва университетларга таянишдек анъанавий тушунчамиз шаклланиб қолган. Аммо дунёда бу тушунча ўзгариб боряпти. Аксар мамлакатларда дастурлаш илмини бошланғич мактаб дастурига киритиш тажрибаси оммалашиб бормоқда. «Codecraft» дастури ушбу ташаббусни илгари суришни мақсад қилган. Бундай курсларда болалар нафақат дастурлашнинг базавий билимларига эга бўлишади, балки уларда ижодий фикрлаш салоҳияти ҳам ошади. 

— Сизда бу соҳага қизиқиш қандай бошланган? 

— Оиламизда ота-онам доим ўқишни биринчи ўринга қўйишган ва буни турлича рағбатлантириб келишган. Отам электромуҳандис, онам эса болалар шифокори бўлиб ишлаган. Ўрта мактабда ўқиб юрган пайтларимда компютер ўйинларига жуда қизиқар эдим. Кейинчалик веб-саҳифалар яратиш, Flesh-анимациялар тузишни мустақил ўргандим. Институтни битирганимдан сўнг 7 йил АКТ соҳасида ишладим. Иш давомида шуни тушундимки, дастур тузиш ва уни ишга тушириш нафақат техник қобилият, балки таҳлилий-ижтимоий ва ҳаттоки, сиёсий-иқтисодий билимларни ҳам талаб қилар экан. Шу тарзда янги билимларни орттириш иштиёқи билан яшай бошладим.

— Бу иштиёқ ортидан ҳаётингизда туб бурилиш ясаган воқеа қачон содир бўлди?

— 2009 йили British Chevening гранти орқали Англиянинг Лондон иқтисодий ва сиёсий фанлар университетида ахборот тизимлари таҳлили ва менежменти бўйича магистратурада ўқиш имкониятини қўлга киритганим дунёқарашимни тубдан ўзгартирган ҳодиса бўлди, десам адашмайман.

— Ўзбекистонда орттирилган тажриба даври. Қай бири профессионал фаолиятингиз учун муҳим туртки берган?

— Она юртимизда турли жабҳаларда ишлаб кўрдим — ахборот-мултимедиа компаниясида, инвестиция фондларида, халқаро тараққиётга йўналтирилган ташкилотларда, таълим соҳасида, дастурлаш хизматлари экспорти билан шуғулланадиган компанияда ва ҳаттоки, мотор ишлаб чиқариш заводида ҳам меҳнат қилдим. Ҳар бир соҳада орттирган тажрибам АКТнинг қанчалик муҳимлигини англашимга ва профессионал фаолиятимда ўсишга эришишимга хизмат қилган.

— Хориж тажрибаси. У қандай бошланган эди ва қай тарзда давом этяпти?

— 2016 йили Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларида электрон тижорат билан шуғулланувчи — Souq.com компаниясига менежерлик ишига таклиф қилишди. Бир йил ўтар-ўтмас АҚШнинг Amazon компанияси Souq.comни харид қилди. Мен ҳам ўз-ўзидан дунёнинг йирик компанияси ходимига айландим. Ҳозирда Amazon Home services платформаси билан интеграция қилиш орқали аҳолига электрон хизматларни кўрсатиш тизими устида ишлаяпман.

— Codecraft ғояси қандай туғилган эди? 

— Болалар учун дастурлашни ўргатиш ғоясининг туғилишига бир нечта сабаб омил бўлган. Авваламбор, бу маҳаллий меҳнат бозоридаги АКТ йўналиши бўйича тайёрланаётган кадрларнинг сифати пастлиги билан боғлиқ. 

Аввал ишлаган компанияларда яратилаётган иш ўринларига университет битирувчиларини жалб қилиш, улар билан суҳбатлашиш жараёнида яхши дастурчи бўлиш учун етарлича таълим берилмаётгани, ҳаттоки, фундаментал дастурлашга оид билимлар ҳам оқсаётгани маълум бўлганди. Шу хулосалар сабаб, экспериментал ҳолда ана шу таълимни 10-12 ёшли мактаб ўқувчиларига сингдиришни мақсад қилдим. 

2015 йили Тошкентдаги ИНҲА университети ҳамкорлигида бу курсларни ташкил этдик. Лойиҳа муваффақият қозонишида ИНҲА университети раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши, университетда замонавий компютер хоналари мавжудлиги ва кейинчалик дастурлаш бўйича инструктор сифатида ишлай оладиган истеъдодли талабаларнинг мавжудлиги муҳим омил бўлди.

— Лойиҳа қанчалик муваффақиятли чиқди? 

— Биринчи навбатда, дастурлашга қизиқувчи болалар жуда кўп эканини ўзимиз учун кашф қилдик. Шу сабаб курсларнинг давомийлигини йўлга қўйдик. Иккинчидан, Codecraft лойиҳаси ўқувчилари ўз дастурий ишланмалари билан «Best Soft Challenge 2016» ёш дастурчилар танловида фахрли совринга эга бўлдилар. Эътибор беринг, бу танловда лицей, коллеж ва олий таълим муассасалари талабалари қатнашади. Улар орасида Codecraftнинг ёш тарбияланувчилари ҳам совринга эга бўлиши, қувонарли натижа.

— Болаларни ахборот технологияларига, дастурлашга қизиқтириш қанчалик муҳим? Хориж билан солиштирилганда, IT-талантларни юзага чиқаришда қанчалик оқсаяпмиз?

— Аслида болаларни мактаб ёшидан аниқ фанларга, шу жумладан, дастурлашга ўқитиш — бу ҳайратланарли тажриба эмас, балки ҳозирги давр талаби. Фикримча, ўрта таълим тизимимиз болаларга айнан АКТ соҳасидаги билимларни беришда жуда оқсаяпти. Кўплаб таълим муассасаларимиз компютер хоналари ёки янги ўқув биноси билангина кифояланиб қоляпти. Аввало, болаларнинг истеъдодини рўёбга чиқарадиган ва соҳага муҳаббат туғдира оладиган мураббийларни етиштириш керак, деб уйлайман. 

Иш юзасидан хориж АКТ мутахассислари билан кўп тўқнаш келаман ва ўзбекистонлик ёш йигит-қизлар шу мутахассислар сингари дунё меҳнат бозорида бемалол рақобат қила олишларини жуда хоҳлайман.

— Бугун яхши IT-мутахассис ёки дастурчининг ўртача маоши қанча? 

— Тошкентда 5–7 йил тажрибага эга бўлган малакали дастурчининг ўртача маоши 1000–2000 АҚШ доллари атрофида. 

— Бу соҳада келажакда яхши мутахассис бўлиб етишиш учун ёшлар, болалар нималардан воз кечишлари керагу, нималарга кўпроқ вақтларини ажратишлари лозим? Уларнинг ота-оналарига қандай маслаҳатлар берасиз?

— Болаларга, ёшларга университет, коллеж ёки мактаб бераётган таълим билан чегараланиб қолмасликни маслаҳат берардим. Ҳозирда интернет тармоғида инглиз тилида жуда ҳам кўп замонавий дастурлаш тилларига оид видео ва матн тарзидаги маълумотлар, дарсликлар мавжуд. Мустақил тарзда бу соҳанинг дастлабки билимларини шакллантириш мумкин. Шунинг учун дастурлаш дарслари билан бир пайтда инглиз тилини ҳам мукаммал ўрганиш керак. Тил билиш профессионал фаолиятда жуда асқотади.

Ота-оналарга эса, фарзандларининг компютер ёки мобил қурилмаларда фақат ўйин ўйнаб вақт ўтказишни эмас, балки уларнинг яратувчилик, тадбиркорлик қобилиятларини рағбатлантиришга кўпроқ эътибор қаратишларини сўраган бўлардим. Мисол учун, фарзандингизга уй юмушида ёки бизнесингиздаги бирор бир кичик муаммони еча оладиган дастур тузишни топширинг ва бажарилган вазифани маълум бир шаклда рағбатлантиринг. Қарабсизки, фарзандингизнинг технологияларга, дастурлашга, ижодий изланишга қизиқиши орта бошлайди. У эртага қайси касбни танламасин, қайси соҳа мутахассиси бўлиб етишмасин, технологияларни яхши билиши, ижодий изланиш қобилиятига эгалиги ютуқларининг асосига айланади.

Лутфулло Турсунов суҳбатлашди

Манба: Kun.uz