Ўзбекистон рақамли телеузатишга тўлиқ ўтади

Ўзбекистон рақамли телеузатишга тўлиқ ўтади

2017 йилнинг охирига қадар Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари ер усти рақамли телеузатиш билан таъминланади. Бу ҳақда жорий йилнинг 17 июль куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган «Рақамли телеузатишга ўтиш ва ер усти муқобил телеузатишни тўхтатиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 502-сонли қарорида маълум қилинган. 

Қарорга кўра, республиканинг барча аҳоли яшаш пунктлари рақамли телеузатмалар учун зарур 90 комплект катта ва 404 комплект кичик қувватли ускуналар билан қопланади, деб ёзмоқда Kun.uz.

Ер ости телеузатмаларини босқичма-босқич тўхтатиш жадвалига кўра, 2018 йилнинг 15 июлигача Тошкентда, 2018 йилнинг 5 декабригача эса бутун мамлакат бўйлаб ушбу узатмалар тўхтатилади.

Бундан ташқари, «Ўзэлтехсаноат» АК корхоналарига 5 йил ичида 3 миллион дона телевизион приёмниклар ишлаб чиқариш белгиланган.

Қарор матнида Ўзбекистон тижорий банкларига «Маҳалла» хайрия жамғармасини жалб қилган ҳолда аҳолига, айниқса, аҳолининг эҳтиёжманд қисмлари ва нафақахўрларга рақамли телевидение хизматларидан фойдаланиш учун керакли ускуналар, жумладан, телевизорлар, приставкалар ва бошқаларни харид қилиш учун имтиёзли истеъмол кредитларини тақдим этишни кенгайтириш тавсия этилиши таъкидланган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!