Ўзбекистонда маҳбусларга видеочатдан фойдаланишга рухсат берилади

Ўзбекистонда маҳбусларга видеочатдан фойдаланишга рухсат берилади

Ўзбекистонда яқин орада маҳбуслар яқинлари билан видеоучрашувлар орқали мулоқот қилиш ҳуқуқига эга бўладилар. Шавкат Мирзиёев озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазони ижро этиш муассасалари соҳасидаги ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатдаги энг асосий йўналишлардан бири – замонавий технологияларни жорий этиш. Хусусан, жазони ижро этиш Бош бошқармаси, унинг бўлинма ва муассасалари ўртасида ҳимояланган каналлар орқали видеоконференция тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Қарорда ушбу тизим ёрдамида маҳбусларнинг яқинлари ва қариндошлари билан масофавий видеоучрашувлар ўтказиш имкониятини таъминлаш белгиланган.

Қамоқхоналарда ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалик фаолияти ҳамда бошқа хизматлар кўрсатиш билан шуғулланувчи давлат унитар корхоналарини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, янги ташкил этилган давлат корхоналари ва тизимнинг бошқа муассасалари фаолиятидан олинадиган даромад ҳисобига молиялаштириладиган жазони ижро этиш Бош бошқармасининг Марказлашган фонди ташкил қилинади.

Давлат раҳбари 2017 йилнинг 1 декабрига қадар барча қамоқхоналарда маҳбусларга жазо ўташ тартиби ва шароитлари, афв этиш тартиби ҳақида маълумот берувчи ахборот стендлари билан жиҳозлаш топшириғини берди. Бу маълумотлар шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг сайтида ҳам жойлаштирилиши шарт.

Яна бир муҳим йўналиш – жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини ривожлантириш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар Дастури 2017 йил 1 ноябрга қадар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши белгиланган.

Унда бино ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш, қамоқхоналардаги ишлаб чиқариш қувватлари ва техник қайта қуролланишни ривожлантириш, жазони ижро этиш муассасалари ҳамда улардаги ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалик фаолияти билан шуғулланадиган ташкилотларга маълум турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича буюртмаларни жойлаштириш кўзда тутилиши лозим.

Саид Мамуров

Terabayt.uz'нинг энг меҳнаткаш ходимларидан. Севимли машғулоти интернет титиб, ахборот технологияларига оид энг сўнгги хабарларни мутолаа қилиш. Бу орада уларнинг ичидан яхшиларини териб олиб, сизларга ҳавола қилиб туради.