Ўзбекистонлик мобил алоқа абоненти бир ойда қирғизистонликлардан тўрт баробар кам интернет ишлатади

Ўзбекистонлик мобил алоқа абоненти бир ойда қирғизистонликлардан тўрт баробар кам интернет ишлатади

Ўзбекистон мобил операторлари абонентлари телефондаги сўзлашувлар бўйича минтақада етакчи, бироқ интернетдан фойдаланиш бўйича ҳали у қадар фаол эмас, деб ёзади Daryo.uz. Бу ҳақда «Билайн-Ўзбекистон» компанияси бош директори Дмитрий Шуков Халқаро пресс-клубнинг 16 август куни бўлиб ўтган анжуманида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, қирғизистонлик фойдаланувчи бир ойда интернетдан ўзбекистонлик фойдаланувчига нисбатан қарийб тўрт баробар кўпроқ фойдаланади. Шуковнинг фикрича, интернет тарифларининг қимматлиги — муаммонинг бир жиҳати, холос.

MOU деб аталадиган, «Фойдаланувчи сарфлаган дақиқалар» деган тушунча бор. Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон мазкур кўрсаткич бўйича минтақада етакчи; Бангладешда ҳам шунақароқ манзара — у ерда ҳам одамлар телефон орқали мулоқот қилишни яхши кўради.

Лекин, афсуски, бошқа муаммо бор: ҳозирча Ўзбекистондаги фойдаланувчилар интернетни кўп «истеъмол қилаётгани» йўқ. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирча ўзбекистонлик бир фойдаланувчи ойига ўртача 400—450 мегабайт сарфлаяпти.

Масалан, Россияда бу кўрсаткич 5 гигабайтдан ошиб кетган, ҳатто қўшни Қирғизистонда ҳам бир фойдаланувчи ўртача 1,7 гигабайт ишлатмоқда. Яъни, Қирғизистондаги фойдаланувчи Ўзбекистондагидан қарийб тўрт баробар кўпроқ интернет «истеъмол қиляпти». Тарифларнинг қимматлиги — муаммонинг бир жиҳати, холос.

Ҳозир биз дата-сервисларни ишга тушириб, ривожлантириш, янги платформаларни тарғиб этишдан жуда манфаатдормиз. Бироқ бунинг учун аҳоли интернетга киришдан қўрқмаслиги, интернетнинг ўзи қиммат бўлмаслиги, одамлар мегабайтларни ҳисоблаб ўтирмаслиги ва жуда муҳим ҳисобланган бу хизматдан фойдаланишга янада кўпроқ одатланиши лозим.

Дмитрий Шуков, «Билайн-Ўзбекистон» бош директори


Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!