Ўзбекистоннинг сайёҳлик ҳудудларида бепул WI-FI синовдан ўтказилади

Ўзбекистоннинг сайёҳлик ҳудудларида бепул WI-FI синовдан ўтказилади

2017 йил 18 июль куни "Ўзбектелеком" АК бош идорасида журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбир давомида очиқ мулоқот ташкил этилиб, ОАВ томонидан берилган саволларга компания раҳбарияти жавоб берди, деб ёзмоқда Kun.uz

Анжуманда "Ўзбектелеком"нинг истиқболдаги режалари, амалга ошириладиган янги лойиҳалар ҳақида маълумотлар берилди.  Компания ўз иш тузилмасини тубдан янгилагани ва бу эса келажакда мижозлар учун энг яхши хизматни тақдим этишга ёрдам бериши алоҳида қайд этилди. Шу ўринда  "Ўзбектелеком" АК бош директори Шуҳрат Қодиров бепул WI-FI ҳудудларини ташкил этиш бўйича ҳам қатор ишлар олиб борилаётганини маълум қилди. 

"Сўнгги вақтларда шаҳардаги айрим боғ ва дам олиш масканларида ҳам пулли, ҳам бепул WI-FI  хизматидан фойдаланиш мумкин. Шу ҳафтада биз янги лойиҳани синовдан ўтказишни режалаштирганмиз. Бу қандай лойиҳа ва ким билан ҳамкорликда амалга оширилишини ҳозирча эълон қила олмаймиз. Мақсад - Ўзбекистоннинг кўплаб инсонлар ташриф буюрувчи сайёҳлик ҳудудларидаги 200дан ортиқ нуқталарига бепул WI-FI етказиб беришдир", дея қайд этди Шуҳрат Қодиров.

Аввалроқ “Ўзбектелеком” томонидан метрополитенда интернет ва телефон хизматининг йўлга қўйилиши маълум қилинган эди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!