Uzinfocom энди ягона интегратор вазифасини бажаради

Uzinfocom энди ягона интегратор вазифасини бажаради

Uzinfocom компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази эндиликда давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор вазифасини бажарувчи компания сифатида фаолиятини давом эттиради. Бу ҳақда «Дарё»га марказ мутасаддилари маълум қилди.

Давлат раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий лойиҳа бошқаруви агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Uzinfocom компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази негизида давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор ташкил этилади.

Ягона интеграторга қуйидаги вазифалар юклатилди:

Электрон ҳукумат тизими ва иқтисодиёт тармоқларида ахборот технологиялари, аппарат ва дастурий таъминот тизимларини ўрнатиш, шунингдек, ахборот тизимлари, ресурслар ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш, жорий этиш ва интеграциялашни таъминлаш;

Аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга электрон давлат хизматларини тақдим этилиш сифатини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

Маҳаллий корхона ва ташкилотларни «Электрон ҳукумат» тизимининг лойиҳаларини амалга ошириш ва дастурий таъминот маҳсулотларини ривожлантиришга кўмаклашиш;

Давлат органлари, давлат корхоналари ва ташкилотларида ахборот тизимлари, ресурслар ва дастурий таъминот маҳсулотлари инфратузилмасининг технологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларни амалга ошириш;

Халқаро стандартларга мувофиқ юқори технологияли хизматлар ва маҳсулотлар қаторини кенгайтириш, ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашиш.

Шубҳасиз, Uzinfocom олдига қўйилган вазифаларни ташкил этиш ва амалга ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилиши, шунингдек, Ўзбекистон ахборот ва коммуникация технологиялари ҳамда дастурий маҳсулотларини жаҳон бозорига чиқиш учун қулай шарт-шароитлар яратилиши соҳа ривожи йўлида қўйилган катта қадам бўлиб хизмат қилади.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Саид Мамуров

Terabayt.uz'нинг энг меҳнаткаш ходимларидан. Севимли машғулоти интернет титиб, ахборот технологияларига оид энг сўнгги хабарларни мутолаа қилиш. Бу орада уларнинг ичидан яхшиларини териб олиб, сизларга ҳавола қилиб туради.