Uzmobile давлат сайтларидан бепул трафикда фойдаланишни жорий қилди

Uzmobile давлат сайтларидан бепул трафикда фойдаланишни жорий қилди

Uzmobile Миллий оператори Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда Uzmobile абонентларига интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz), Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz), Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали (gov.uz), шунингдек бир қатор давлат органларининг сайтларидан бепул фойдаланиш имкониятини яратди. Бу тўғрида 2017 йилнинг 18 март куни Uzmobile бош офисида ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Қайд этилишича, бугун мамлакатимизда 201 та давлат органлари, 115 хўжалик бошқаруви органлари веб-сайтлари фаолият кўрсатмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан уларнинг аҳоли эҳтиёжига жавоб бериши, бу ресурсларда интерактив хизматларнинг жорий қилиниши, уларни фаолиятга доир ахборотлар билан тўлдириш ҳисобига, давлат идораларининг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигининг ошиши юзасидан рейтинг шакллантирилади. Хизматларнинг онлайн шаклга ўтиши, сайт форматининг интерактивлашуви давлат органлари сайтларидан фойдаланиш кўламини оширмоқда. Хусусан, бугун битта давлат идораси сайтига ташриф буюрадиган кундалик фойдаланувчилар сони 40 мингтагача, сайт саҳифаларининг кўрилиши эса кунлик 80 мингтагача етар экан.

Брифингда маълум қилинишича, давлат идоралари сайтлари орқали кўрсатилаётган электрон хизматлар сони 600 турдан ошади. Шунингдек, яқин йилларда давлат идоралари ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базалари тўлиқ рақамли платформага кўчиши, аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига смартфон орқали бу тизимлар ва хизматлардан фойдаланиш, ягона тугмани босиш орқали зарур маълулмотларни олиш имкониятининг яратилиши, давлат органлари виртуал қабулхоналарининг кўпайиши фуқароларнинг ҳам давлат хизматларига, ҳам интернет хизматларига бўлган эҳтиёжининг ошишига сабаб бўлади.

Маълумки, айни пайтга келиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси мамлакатимизда “электрон ҳукумат” тизимининг муҳим элементларидан бирига айланди. Давлат раҳбари қабулхонасининг фаолияти жисмоний ва юридик шахслар томонидан давлат идораларига йўлланган мурожаатлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, иқтисодий, ижтимоий, молиявий ва ҳуқуқий таҳлиллар асосида аҳоли томонидан кўтарилган масала ҳамда мурожаатларга ечим топиш мақсадида ташкил қилинган эди.

Бу йўналишда айниқса, Ягона интерактив давлат хизматлари портали фуқаролар учун давлат идораларига мурожаат қилишда оммабоп ресурсга айланди.

Жорий йилнинг март ойи ҳолатига кўра, Ягона порталга 308 турдаги интерактив хизмат жорий қилинган. Феврал ойи ҳолатида портал орқали давлат идораларига қилинган мурожаатлар сони 1 миллион маротабадан ошган. Бугунга келиб 2400 дан зиёд давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг тизимидаги муассасалар портал орқали электрон хизмат кўрсатмоқдалар.

Uzmobile Миллий операторининг абонентларига яратиб берган ҳукумат порталлари ва бир қатор давлат сайтлари, шунингдек Очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz), Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш портали (regulation.gov.uz)дан бепул интернет асосида фойдаланиш қулайлиги фуқаролар ва ҳукумат, давлат идоралари ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Бугундан бошлаб компаниянинг 1 миллионга яқин абонентлари фаол интернетга эга қурилмалари ёрдамида 30 дан ошиқ сайтлардан бепул, яъни интернет трафик сарфламаган ҳолда фойдаланишлари мумкин. Ушбу ресурсларнинг сонининг 115 тага етказилиши ҳам маълум қилинган. Компания бу тўғрида ўзининг веб-сайтида батафсил маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Умиджон Аъламовнинг маълум қилишича, тез орада юртимизда фаолият кўрсатаётган бошқа оператор ва провайдерлар ҳам бу ғояни қўллаб-қувватлайдилар ва фаолиятларида жорий қиладилар.

 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!