Vertu $20,000 долларлик телефонини ‘арзон’га аукционга қўйди

Vertu $20,000 долларлик телефонини ‘арзон’га аукционга қўйди

Бир неча ой илгари инқирозга юз тутиб, фаолиятига якун ясаган Буюк Британиянинг Vertu компанияси шу кунларда телефонларини кимошди савдосига қўймоқда. Бу бренд ҳашамдор ва зийнатланган қиммат телефонлари билан ном қозонган.

Vertu ишлаб чиқарган телефонларни кўпчилик тутмаган. Боиси, уларнинг энг арзони ҳам бир неча минг долларга тушган. Мисол учун, Vertu Signiature Touch тутиш истагида бўлган бойвачча бунинг учун роппа-роса $10,000 долларни баҳридан ўтиши керак бўлган.

Энг қизиғи, 2014 йилда Vertu "ҳамёнбоп" туркумни сотувга чиқарган эди. Бу туркумга кирувчи Vertu Aster $6,000 доллардан сотилган. Тўғри, бугунги смартфонлар билан солиштириб кўрганда, ўз даврида функционал жиҳатдан имконияти чекланган бу телефонлар кимлар учундир мақтанчоқлик ёки нуфуз воситаси бўлган. Бироқ, бугун одамларга ҳақиқий технология керак. Тилла ва кумуш эса ўз йўлига.


Кимошди савдосига қўйилган Signature туркумидаги телефонлардан бирини безаш учун 18 карат олтин сарфланган ҳамда тимсоҳ териси тортилган. У бир вақтлар $19,000 доллардан сотилган. Ҳозир эса унинг аукциондаги бошланғич баҳоси $1,500 доллар.

Шунингдек, Vertu фаолиятини бошлаганидан тортиб, шу кунгача ишлаб чиқарган маҳсулотлари ўрин олган телефонлар музейини ҳам сотувга қўймоқда. Бу жамланмадан 105 та донғи кетган телефон моделлари ўрин олган. Улардан баъзилари намуна, баъзилари ишлаб чиқарилган моделлар. Бу тўпламнинг бошланғич баҳоси $26,000 доллар.

Аукционда, шунингдек буқа устида Vertu логотипини кўтариб турган одамнинг бронза ҳайкали ҳам сотувга қўйилган. Унинг бошланғич баҳоси $1,000 доллар.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.