ВИДЕО: Galaxy Note 8’нинг энг зўр функцияларини Samsung бирма-бир кўрсатиб берди

  •   DiMaX
  •  1512
  •  21.09.2017 14:38

ВИДЕО: Galaxy Note 8’нинг энг зўр функцияларини Samsung бирма-бир кўрсатиб берди

Samsung компанияси ўзининг расмий YouTube-каналида бир қатор видеороликлар тизмасини эълон қилди. Уларда Galaxy Note 8 моделининг энг илғор жиҳатлари яққол кўрсатиб берилган.

Келинг, шуларга биттама-битта қисқа изоҳлар бериб, видеолавҳаларини кўриб чиқамиз.

Live Message

Samsung бу функцияни Galaxy қурилмалари эгалари ўртасидаги ҳақиқий жонли мулоқот шакли сифатида илгари суряпти. «Жонли» хабарлар шарофати билан мулоқот иштирокчилари реал вақт режимида видеороликлардан GIF-анимациялар ясашлари ва қўлёзма матнларни ўзаро алмашишлари мумкин.

Live Focus

iPhone 7 Plus’даги портрет режимига ўхшаб кетадиган мазкур функция Galaxy Note 8 соҳибларига қўшалоқ камера туфайли тақдим этилган. Унинг ёрдамида боке эффекти (орқа фоннинг хиралаштирилиши) билан билан ажойиб суратлар олиш имкони мавжуд. Бу борада қурилма профессионал DSLR-камералар билан бемалол беллаша олади.

S Pen

Galaxy Note туркумидаги барча авлод қурилмаларига ҳамроҳлик қилиб келаётган «ақлли» S Pen пероси Note 8 билан янада такомиллашди, сезгирлашди. Унинг ёрдамида энди блокдан чиқарилмаган смартфон экранида ҳам қўлёзма қайдларни ёзиш имкони мавжуд. Янги стилус яна шундай функцияга ҳам эга бўлди: бирор сўзнинг устида  S Pen учини тутиб турсангиз, айнан шу сўзнинг таржимасини чиқариб беради.

Кўп вазифалилик

Galaxy Note 8 авлодида Samsung ишлаб чиқувчилари тўлақонлига жуда яқин бўлган кўп вазифалилик режимини жорий этишди. Энди, App Pair функцияси шарофати билан, флагман фаблет эгалари иккита иловани баравар очиб қўйиб, экранда биргаликда ишлатишлари мумкин.

Ёруғлик етарли бўлмаган шароитларда суратга олиш

Ёруғликни кучли сезувчи оптикаси туфайли Galaxy Note 8 камераси ҳатто кам ёритилган шароитларда ҳам ажойиб суратлар ола билади. Бунинг учун ундаги ISO созламаларини керакли тарзда ўрнатиш лозим. Бу – мобил фотография ишқибозлари учун ҳақиқий эркинлик!

Pro Mode

Galaxy Note 8 камераси сифатига кўра профессионал камераларга яқин турувчи тасвирлар олишга қодир эканини сиз билармидингиз? Pro Mode режимини фаоллаштириб, ўзингизнинг фоторассомлик маҳоратингизни намоён этишингиз, ҳатто оширишингиз мумкин. Суратнинг ҳар бир деталини – ISO’дан тортиб, затворнинг ишга тушишигача барчасини қўлда созлаш имкони мавжуд.

Эсингизда бўлса, Жанубий Кореялик гигант iPhone’даги маълумотлар ва созламаларни Galaxy Note 8’га осон кўчиришни ҳам видеолавҳа ёрдамида кўрсатиб берган эди. Хўш, нима дейсиз, Samsung ўз смартфонларининг бундай афзалликларини намойиш этиш йўли билан асосий рақибларидан фойдаланувчиларни ўзи томон оғдира олармикан?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.