Виртуал сканерга эга илк смартфон расман тақдим қилинди

Виртуал сканерга эга илк смартфон расман тақдим қилинди

Vivo жаҳон смартфонсозлари орасида биринчи бўлиб, 24 январда виртуал сканери дисплей остида жйолашган смартфон -- Vivo X20 Plus UD девайсини тақдим қилди.

Vivo X20 Plus UD девайси 6.43 дюймли, 2160x1080 пикселли OLED дисплейга эга бўлган. Гаджет экрани томонларининг нисбати 18:9 стандартли. Бу дисплейнинг остки қисмида ўрнатилган Synaptics сканери смартфонни бармоқ қўйилганидан сўнг 0,6-0,7 секунд ичида блокировкадан чиқаради. Бу муддат аксарият смартфонларга ўрнатилган анъанавий бармоқ изи сканеридан бир оз узоғроқ. Яъни, ҳозирги сканерлар ўртача 0,1-0,2 секунд ичида гаджетлар тизимини очади.

Мобил телефоннинг платформа самарадорлиги учун 2.2 Ггц частота тезлигига эга 8 ядроли Snapdragon 660 процессори, 4 гигабайтли оператив хотира ҳамда 128 Гб сиғимли доимий хотира ўрнатилган. Овоз сифати учун ESS Sabre ES9318 аудиочипи масъул бўлган. Шунингдек, X12 LTE модеми смартфонга секундига 600 Мбит ҳажмидаги маълумотни узатиш имконини беради. "Ақлли телефон" қадоқдаёқ Android Nougat 7.1.2 операцион тизимига эга бўлган.

Vivo X20 Plus UD девайсининг аккумулятор сиғими 3 905 мА соат. Бош камера қўш: 12 мегапикселли бош модул апертураси f/1,8 ва қўшимча 5 Мп аниқликдаги камера модули мавжуд. Олд камера 12 мегапикселли ва f/2,0 диафрагмага эга бўлган.

Яна шуни қайд этиш керакки, бу девайс ўлчамлари оддий Vivo X20 Plus талқинидан фарқ қилади: X20 Plus UD ўлчамлари -- 165,2 x 80,02 x 7,35 мм ҳамда вазни 183,1 грамм, X20 Plus — 165,3 x 80,1 x 7,5 мм ва 181,5 грамм тош босади.

Смартфон Bluetooth, USB порти, 4G алоқа тармоғини қўллаб-қувватлайдиган модулларга эга. Vivo X20 Plus UD 1 февралдан 565 доллардан сотувга чиқади. Бу йил 70 миллион дона шундай смартфон сотиш режа қилинган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!