WhatsApp’даги «тирқиш»: ёзишмаларингизни кузатса бўлади!

  •   DiMaX
  •  1311
  •  11.10.2017 11:38

WhatsApp’даги «тирқиш»: ёзишмаларингизни кузатса бўлади!

Агарда бировлар билан махфий тарзда ёзишадиган бўлсангиз, бунинг учун WhatsApp унча тўғри келмайди. Яқинда аниқланишича, бу мессенжердаги «туйнук» илова фойдаланувчиларини кузатиш имконини берар экан, деб ёзади theNexWeb.

Яширина олмайсиз!

Facebook компаниясига тегишли ушбу иловада, фойдаланувчи онлайн мақомини кўринмайдиган қилиб қўйиши мумкин, албатта. Аммо, бундан қатъи назар, дастурий таъминот ҳимоясидаги «тирқиш» орқали унинг қанчалик тез-тез онлайн бўлишини, кимлар билан ёзишаётганлигини аниқлаш мумкин экан.

Хавотирга лойиқ томони шундаки, юқори даражадаги техник билимларни эгаллаган, ноутбуки ва интернетга кириш имкони бўлган ҳар қандай киши ҳимоядаги мазкур нуқсондан фойдалана олар экан. Муаммо WhatsApp’нинг онлайн мақоми билан боғлиқ – бу функция фойдаланувчи қачон тармоқда бўлганини мунтазам кузатиб боради. Сиз эса мессенжердаги фаоллигингизни учинчи шахслар кузатувидан ҳеч қанақасига яшира олмайсиз.

Кузатув остида

Виртуал хавфсизлик борасидаги мутахассислардан бири ҳатто, Chrome браузери учун махсус кенгайтма ҳам ясади. Бу кенгайтма WhatsApp фойдаланувчиларининг қачон онлайн бўлишини кузатиб ва қайд этиб боради. Олинган маълумотлар эса сизнинг ўз вақтингизни қандай ўтказишингиз ҳақида тасаввурлар беради.

Турли фойдаланувчиларнинг статистикасини кузатиш ва ўзаро солиштириш орқали эса, уларнинг ўзаро мулоқот қилган вақтларини билиб олиш мумкин. Масалан, сиз бирор хабарни юбориш учун WhatsApp’ингизни очдингиз ва юбордингиз. Уни ўқиш ва жавоб ёзиш учун кузатувда бўлган контактларингиз орасидан яна кимдир мессенжерини очади. Буларни кузатиб, сизнинг кимлар билан ва қайси маҳалларда ёзишиб юришингиз аниқланади...

Мазкур маълумотлар оммавий тарзда тўпланиб, бирор компанияга (масалан, реклама мақсадларида) сотилиши ҳам мумкин. Ўринли савол туғилади: «WhatsApp ва Facebook ўз фойдаланувчиларининг ишончини сотмоқда», деганида Telegram асосчиси Павел Дуров ҳақ эдими?