WhatsApp iOS учун матнли статусларни қайта тиклади

WhatsApp iOS учун матнли статусларни қайта тиклади

Жорий йилнинг февралида WhatsApp мессенжеридан фойдаланувчининг ишда, ўқишда, мактабда, кинотеатрда ёки бошқа иш билан машғуллиги ҳақида маълумот берувчи матнли статуслар олиб ташланиб, улар ўрнига фото, видео ва анимацион суратлар қўйиш функцияси татбиқ қилинган эди. Аммо, хизмат ишлаб чиқарувчиларининг бу қарори кўпчилик фойдаланувчиларнинг норозилигига сабаб бўлган эди. Шу сабабли, илованинг янги талқинида iOS фойдаланувчилари учун матнли статуслар қолдириш имконияти яна пайдо бўлди.

Энди iPhone фойдаланувчилари WhatsApp тармоғидаги профилларида қаерда ва нима билан бандликларини билдириб турадиган матни статусларни қолдиришлари мумкин. Фойдаланувчи алоқалар рўйхатидаги бошқа фойдаланувчиларнинг унинг статусини ўқиш-ўқимаслигини профил созламалари орқали назоратга олиши мумкин. Ушбу функция тез орада андроид қурилмаларига ҳам қайтарилиши маълум қилинган.

iOS фойдаланувчилари WhatsApp иловасини ушбу манзилдан юклаб олишлари мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.