WhatsApp янгиланмоқда: янгича видеқўнғироқлар ва YouTube

  •   DiMaX
  •  1819
  •  20.07.2017 15:23

WhatsApp янгиланмоқда: янгича видеқўнғироқлар ва YouTube

WhatsApp жамоаси илованинг янги функцияларини оммавий чиқаришдан аввал уларни мессенжернинг бета-версияларида синовдан ўтказмоқда. iOS ҳамда Android учун чиқарилган иловаларга навбатдаги релизда бирданига видео билан алоқадор иккита янгилик киритилмоқда, деб ёзади WABetaInfo сайти.

Видеоқўнғироқлар

Хабарга кўра, WhatsApp’нинг Android учун чиқарилган 2.17.265 бета-версиясида видеоқўнғироқларни ўзгартириш функцияси пайдо бўлган. Видеоқўнғироқ ойначасининг ўлчамини кичрайтириш ва уни экран бўйлаб суриш мумкин. Бир вақтнинг ўзида видеоқўнғироқ орқали суҳбатлашиш ва бошқа юзерлар билан ҳам ёзишиш имконияти тақдим этилган.

Лекин, афтидан, бу функция фақатгина Android O 8.0 версияси ўрнатилган қурилмаларда ишлайди. Операцион тизимнинг бошқа версиялари эса picture-in-picture («расм ичида расм») функциясини қўллаб-қувватламайди.

WhatsApp ҳамда YouTube

Иловадаги иккинчи янгилик YouTube видеолавҳалари билан боғлиқ. Ёзишмаларда учрайдиган YouTube саҳифасига йўлловчи ҳаволалар босилганида, энди роликлар алоҳида иловада эмас, балки тўғридан-тўғри WhatsApp’нинг ўзида очиладиган бўлади. Бунда видеолавҳа «расм ичида расм» форматидаги ойнада очилиб кўринади.

Бу ойначани ҳам экран бўйлаб жойини ўзгартириш, ўлчамини кичрайтириш ё катталаштириш, шунингдек, яшириш ҳам мумкин бўлади. Булар эса видео кўраётиб ҳам ёзишмадан чалғимаслик имконини беради.

Аммо мазкур функция ҳозирча фақатгина iOS-қурилмалар учун чиқарилган WhatsApp’нинг бета-версиясидагина амал қилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!