Windows 10’да вазифалар панелини буткул шаффоф қиламиз

  •   DiMaX
  •  1524
  •  30.06.2017 15:43

Windows 10’да вазифалар панелини буткул шаффоф қиламиз

Microsoft’нинг операцион тизими ўнинчи версиясида ташқи кўринишни ўзгартириш учун кўплаб имкониятлар бор. Аммо вазифалар панелини худди Chrome OS’даги сингари бутунлай шаффоф қилишнинг иложи йўқ. Бунда бизга бепул TranslucentTB утилитаси ёрдамга келади.

TranslucentTB иловаси Windows 10 тизимига янада янгича ҳамда қизиқарли қиёфа бахш этади. Бунинг учун дастурни ишлаб чиқувчининг сайтидан мана бу ҳавола орқали юклаб олиш керак бўлади. Кўчириб олгач, архивни очиб, TranslucentTB.exe бажарилувчи файлини ишга туширасиз. Шунда тизим трейида (бош экраннинг пастки ўнг бурчагида) турли ранглардаги нуқталарга эга янги белгича пайдо бўлади. Унинг устига сичқончанинг ўнг тугмачаси билан чертасиз ва утилитанинг иш режимларидан бирини танлаб оласиз.

Ушбу дастур вазифалар панелини бутунлай ҳам, қисман ҳам (Blur эффекти) шаффоф кўринишга келтира олади. Шунингдек, махсус динамик режим ҳам мавжуд: унда панелнинг шаффофлик даражаси айни дамда фаол бўлиб турган дастур ойнасининг тўлиқ экранни қоплаган ёки йўқлигига қараб автоматик созланади. Аммо мазкур режим ҳозирча синов босқичида, шу боис ҳамиша ҳам тўғри ишлайвермаслиги мумкин.

Хўш, компьютер ёки ноутбукингиздаги иш столингиз янада чиройлироқ кўриниши учун TranslucentTB’ни юклаб оласизми?