Windows 10’га қарши Windows 7: қай бири хавфсизроқ?

  •   DiMaX
  •  2223
  •  26.03.2018 12:35

Windows 10’га қарши Windows 7: қай бири хавфсизроқ?

Кибер хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи Webroot компанияси ўтган йилги зиёнкор дастурий таъминотларнинг тарқалиши бўйича ҳисоботини эълон қилди. Ундан маълум бўлишича, кенг тарқалган Windows 7 ҳамда энг янги Windows 10 талқинлари орасида хавфсизлик борасида улкан фарқ мавжуд экан.

ЎҚИНГ: Ҳимоя тизимидаги «туйнук» сабабли Windows 10 ҳужумларга чидамсиздир

Webroot ҳисоботида бу борада, жумладан, шундай дейилган:

«Гарчи 2017 йили олдинги йилдагига нисбатан камроқ зиёнкор файллар аниқланган бўлса-да, операцион тизимлар кесимида қаралганида, рақамлар статистикаси ҳайратланарли кўринади. 2017 йилда зиёнкор дастурий таъминот сифатида аниқланган файлларнинг умумий миқдоридан фақат 15 фоиз қисмигина Windows 10 тизимли компьютерларда қайд этилган. Вирусларнинг 63 фоизи эса ҳозиргача бизнес учун энг оммабоп ҳисобланиб келаётган Windows 7 тизимли қурилмаларда аниқланган. Windows 10 учун ҳар бир қурилмага ўртача 0,04 зиёнкор файл тўғри келса, Windows 7 тизими учун бу кўрсаткич 0,08’га тенг».

ЎҚИНГ: Windows 10 учун 7 та ишончли антивирус

Шунингдек, Webroot докладида хабар қилинишича, Windows 10 Home талқини Windows 7 Home талқинига нисбатан нақ икки бараварга хавфсиз экан. 2017 йилда оддий фойдаланувчилар орасида Windows 10 тизимли қурилмалар учун ўртача 0,07 вирус тўғри келган бўлса, Windows 7’да ишловчи компьютерларга ўртача 0,16 вирус, Windows XP тизимлиларига эса – 0,17 вирус тўғри келган.

Булардан ташқари, мутахассисларнинг таъкидлашича, ўтган йилнинг бошида юздан ошиқ мамлакатларда 200 миллиондан зиёд компьютерни зарарлаган WannaCry вируси Windows 10 тизимли компьютерларга умуман зиён етказган эмас. Мазкур дастурий таъминотдан зарар кўрган қурилмаларнинг мутлақ кўпчилиги Windows 7 тизими бошқаруви остидаги компьютерлар бўлган.

ЎҚИНГ: WannaCry зарар етказган давлатлар харитасида Ўзбекистон ҳам бор

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!