Хакерлар смартфонни ультратовуш ёрдамида бузиб кира олишади! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1211
  •  08.09.2017 12:24

Хакерлар смартфонни ультратовуш ёрдамида бузиб кира олишади! (+видео)

Инновацион технологиялар ривожланиб, «ақлли» гаджетлар тури кўпайди, овоз билан бошқариладиган смарт-ёрдамчилар эса катта тезликда тарқалиб бормоқда. Улар ҳаётимизни енгиллаштираётгани – бор гап, аммо масаланинг иккинчи томонига кўпчилик эътибор қаратмаган кўринади, деб ёзади Fastcodesign сайти.

Хитойлик мутахассисларнинг аниқлашларича, Alexa, Siri, Cortana ва Google Assistant сингари ёрдамчилар гаджет эгасининг рухсатини кутиб ўтирмасдан, ҳатто унга билдирмасдан ҳам турли амалларни бажара олишар экан. Хакерлар инсон қулоғига эшитилмайдиган ультратовуш тўлқинлари ёрдамида бунга эриша олишган.

Овозсиз ўғри

Ҳар қандай тўлқин каби, товуш ҳам кенг диапазондаги частоталарни қоплаб олади, бизнинг қулоғимизга эса уларнинг маълум бир қисмигина эшитилади. Частотаси 20 герцдан паст ва 20 килогерцдан баланд бўлган товуш тўлқинларини инсон қулоғи шунчаки илғай олмайди.

Бироқ смартфонлардаги (ва «ақлли» колонкалардаги) микрофонлар эса, мазкур диапазондан ташқаридаги товушларни ҳам худди бизнинг овозимиздек «эшитиш»га қодир. Афсуски, уларнинг мазкур қобилиятидан ёвуз ниятли кишилар фойдалана олишади. Хакерлар гаджет фойдаланувчисига билдирмаган ҳолда, унга ультратовуш тўлқини ёрдамида турли буйруқларни бериши ва турли амалларни бажартириши мумкин.

Бу қандай ишлайди?

Тадқиқотчилар атиги бир неча долларлик қисмлардан шундай буйруқ берувчи мослама ясашга муваффақ бўлишди. Бу жиҳоз яқин масофадан туриб исталган овозли ёрдамчини ишга тушира оладиган, уни муайян ҳаракатларни бажаришга мажбур этадиган бўлиб чиқди.

Масалан, шу жиҳоз билан овозли ёрдамчи орқали смартфонга буйруқ бериб, уни зиёнкор веб-сайтга киришга мажбурлайди. Қарабсизки, гаджетга ўша сайтдан вирус ўтиб қолади. Ёки, ўз ҳисобидан фалон ҳисобрақамига фалон миқдорда пул ўтказишини сўраб банкка SMS-хабар юбортириш мумкин. Буёғи кетди...

Радиус чекланган

Бу усул билан қурилмаларни бузиб киришда биттагина муаммо мавжуд – жиноятчи жиноят объекти бўлган девайсга яқин жойлашган ҳолдагина уни бузиб кира олади. Мутахассислар яратган жиҳоз ультратовуш орқали буйруқларни ярим метрлик масофагагина узата оладиган бўлиб чиқди.


Бироқ кейинчалик кимдир шу технологияни ривожлантириб, кучлироқ мослама ясаб олмаслигига ҳам кафолат йўқ-да!

Технологиялар каби хакерлар ҳам «ўсмоқда»

Афсуски, овозли ёрдамчиларни ишлаб чиқувчи компаниялар уларни инсон қулоғи эшитадиган диапазондан ташқаридаги товушларни «эшитмаслик»ка ўргата олишмас экан. Чунки мазкур платформалар овозли буйруқларни яхшироқ таҳлил этиш учун бизга эшитилмайдиган, юқори частоталарни қўллайди.

 Рақамли қурилмаларни бузиб кириш учун турли усулларни излашдан ва ўйлаб топишдан тап тортмайдиган хакерлар эртами-кечми ҳимоядаги ушбу «туйнук»дан фойдаланиб қолишлари мумкин. Демак, нафақат қурилмангизнинг ўзидан, балки ён-верингиздаги шубҳали шахслардан ҳам хабардор бўлиб туришингизга тўғри келади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!