Халқаро валюта операцияларини қўллаб-қувватловчи «GlobUzCard» тизими яратилмоқда

Халқаро валюта операцияларини қўллаб-қувватловчи «GlobUzCard» тизими яратилмоқда

Банк пластик карталари асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш ва уйғунлаштириш, халқаро пластик карталар стандартлари, қоидалари ва тартиботлари асосида илғор ютуқларни жорий қилиш мақсадида, Марказий банк Бошқаруви томонидан «GlobUzCard» банклараро универсал чакана тўлов тизими фаолияти тўғрисидаги низом ишлаб чиқилиб, 2017 йил 15 май куни Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланди.

«GlobUzCard» банклараро универсал чакана тўлов тизими электрон шаклдаги нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун мўлжалланган ҳамда банк пластик карталарини эмиссия қилувчи ва товарлар (ишлар, хизматлар) сотувчиларига хизмат кўрсатувчи банкларни, Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банкни, шунингдек Процессинг марказини ягона тизимга бирлаштиради.

Ушбу тўлов тизими учун «Ягона халқаро процессиинг маркази» (ЯХПМ) қўшма корхонасини ташкил қилиш режалаштирилмоқда, у GlobUz процессиинг маркази функциясини бажаради. ЯХПМ бошқарув органи мувофиқлаштирувчи кенгаш бўлади, унинг таркибига GlobUz’га аъзо банклар, ЯХПМ ва Ўзбекистон Банклар уюшмаси раҳбарлари киради.

Ўзбекистон Республикасида чет эл валютасидаги банк пластик карточка (БПК)лар асосида амалиётларни ўтказилишини, шунингдек «GlobUz» тўлов тизими доирасида муомалага чиқарилган БПК орқали Ўзбекистон Республикасидан ташқарида амалиётларни ўтказилишини таъминлаш мақсадида «GlobUz» тўлов тизими халқаро тўлов тизимлари билан алоқалар ўрнатади.

Жумладан, маҳаллий ОАВнинг маълум қилишича, янги тўлов тизими Visa, MasterCard, Union Pay International, JCB, American Express, Diners Club ва бошқа халқаро тўлов тизимлари билан алоқалар ўрнатиб, чет элда GlobUz банк карталаридан ва Ўзбекистон ҳудудида хорижий банклар карталаридан чет эл валютасида операциялар ўтказишни таъминлайди.

Низомга кўра, «GlobUz» тўлов тизимида миллий валютада Ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк вазифасини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Ҳисоб-китоблар Клиринг маркази амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Ахборотлаштириш бош маркази Ҳисоб-китоблар Клиринг марказига техник, дастурий ва эксплуатация хизматлари кўрсатилишини таъминлайди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!