«Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси бутун Ўзбекистонни қамраб олади

«Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси бутун Ўзбекистонни қамраб олади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 29 августдаги қарори билан «Хавфсиз шаҳар» ягона ускуна-дастурий мажмуани яратиш бўйича Босқичма-босқич чора-тадбирлар дастурини тасдиқлади. Лойиҳани амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича комиссияга бош вазир Абдулла Арипов раҳбар бўлди, деб ёзади Gazeta.uz.

«Хавфсиз шаҳар» мажмуаси ички ишлар органлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлари ахборот тизимлари, видеокузатув, қоидабузарликларни қайд этиш, объектларни қўриқлаш, эҳтимолий таҳдидларга жавоб қайтариш ва огоҳлантириш тизимлари, интеллектуал таҳлил датчиклари ҳамда навбатчилик-диспечерлик марказлари ва маълумотларни қайта ишлаш марказларининг қоидабузарликлар профилактикаси бўйича бошқа ахборот тизимларини интеграция қилишни назарда тутади.

Мазкур вазифалар билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлиги маркази базасида қайта ташкил этилаётган Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази шуғулланади.

Қабул қилинган дастурга мувофиқ, «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини ташкил этиш ва ривожлантириш концепцияси 1 октябрга қадар тасдиқланиши лозим. Биринчи синов босқичи 2017−2019 йилларга мўлжалланган. У Тошкент бўйича видеокузатувлар, видеотаҳлил ҳамда жиноятлар ва ҳодисалар тўғрисидаги хабарларни қабул қилиш ва рўйхатга олишнинг автоматлаштирилган тизимлари асосида «Хавфсиз шаҳар» мажмуасини яратишни кўзда тутади.

Иккинчи босқичда — 2019—2021 йилларда — «Хавфсиз шаҳар» вилоятлар марказлари ҳамда Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларини қамраб олади. Учинчи босқичда — 2021−2023 йилларда — мажмуа бутун мамлакатни эгаллайди.

Лойиҳа доирасида йил охирига қадар Тошкент жамоат транспортида автоматлаштирилган тўлов тизими лойиҳаси ишлаб чиқиши лозим. Унга кўра йўловчилар оқимини кузатиш ва жамоат транспортида профилактика ишларини олиб боришнинг интеллектуал-таҳлилий тизими жорий этилади.

2018—2019 йилларда автотранспортлар учун ажратиб олиш ва онлайн-тўловнинг илғор технологиялари қўлланилган жамоат интеллектуал автотураргоҳлари лойиҳаси амалга оширилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!