"Xавфсиз шаҳар" қуришда Ўзбекистоннинг биринчи йирик ҳамкори маълум бўлди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов Германия Федератив Республикасига ташрифи доирасида 15 ноябр куни Siemens AG концернининг Мюнхенда жойлашган бош қароргоҳида бўлиб, унинг Россия ва Марказий Осиё бўйича президенти Ази Роланд Буш билан учрашди.

Учрашув чоғида томонлар "Хавфсиз шаҳар" концепциясини амалга оширишда икки томонлама ҳамкорлик қилишни муҳокама қилиб, мазкур йўналишда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Siemens AG ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Хусусан, мазкур йўналишда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг комплекс ечимини жорий қилиш, шаҳар инфратузилмаси ва транспорт хўжалигини эвакуация қилиш тизимини яратишда АКТ дан фойдаланиш, шунингдек электр тармоқларида «ақлли тармоқлар» (Smart Grid) технологиясидан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик қилинади.

Smart Grid технологиясида электр энергиясини ишлаб чиқариш, таъминотини йўлга қўйиш ва узлуксизлигини таъминлашда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилади.

"Инновация ва рақамлаштиришда катта тажрибага эга муассаса сифатида биз Ўзбекистон билан саноатни, шаҳар инфратузилмаси ва энергетика, соғлиқни сақлаш соҳаларида замонавий технологияларни жорий қилиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Мисол учун, "интернет буюмлари" тенденцияси учун биз таклиф қилаётган операцион тизимлар бугунги кунда шаҳарлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қулайлигини, шунингдек рақобатбардошлик ва барқарор тараққиётни оширишда муҳим аҳамиятга эга", дейди Siemens бошқаруви аъзоси Роланд Буш.

Ҳамкорлик доирасида Siemens компаниясининг бошқа йўналишлардаги муваффақиятли ишланма ва технологияларини ўрганиш ҳам кўзда тутилган. Бу борада этакчи экспертлар иштирокида ўқувлар, машғулот-семинарлар, конферентсиялар ўтказиш режалаштирилмоқда.

Siemens'га 1847 йилда Берлинда, олим ва муҳандис Вернер фон Сименс томонидан асос солинган. Бу концерн коммуникация, мобил алоқа, дастурий таъминот, логистика, электр таъминоти йўналишларида жаҳоннинг пешқадам муассасаларидан бири ҳисобланади. "Siemens" сўзи электр ўтказувчанликни англатувчи халқаро бирлик ҳисобланади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.