Xiaomi дисплейга жойланувчи, тегмасдан бармоқ изини танийдиган сканерни патентлади!

  •   DiMaX
  •  1497
  •  30.12.2017 18:39

Xiaomi дисплейга жойланувчи, тегмасдан бармоқ изини танийдиган сканерни патентлади!

2018 йилнинг бошидан бутун дунёга янгича – бармоқ изи сканери бевосита экранига интеграция қилинган смартфон тақдим этилади. Synaptics компанияси томонидан яратилган бунақа датчикка эга смарфтонни биринчилардан бўлиб технологиялар борасида энг илғор Apple, Sony ёки Samsung эмас, балки Хитойнинг Vivo компанияси тақдим этади. Бошқа смартфонсозлар ҳам ушбу технология татбиқ этилган қурилмалар тайёрлашга киришгани хусусида маълумотлар учрамоқда.

ЎҚИНГ: Экранининг ўзи бармоқ изи сканерига айлантирилган илк смартфон маълум бўлди ва у Samsung маҳсулоти эмас...

Буни қарангки, «Осмон ости салтанати»даги тез ривожланиб келаётган яна бир смартфонсоз – Xiaomi компанияси Synaptics тақдим этган модулга умуман қизиқиш билдирмаган. Чунки унинг ўзи бармоқ изини смартфоннинг AMOLED-экрани орқали «ўқийдиган» янгича технологияга патент олгани маълум бўлди. Бироқ у умуман бошқача бўлади – фойдаланувчи мазкур датчикни ишга тушириш учун бармоғини ҳатто дисплейга теккизиши ҳам шарт эмас!

Xiaomi патентлаштирган технологияга эга сканер ҳам экранга интеграция қилинади, бироқ унинг ишлаши учун бармоқ билан бевосита контакт бўлиши ҳам талаб этилмайди. Смартфон эгаси шунчаки бармоғини смартфон экранига яқинлаштириб ҳам уни блокдан чиқара олади.

ЎҚИНГ: AliExpress: Xiaomi'нинг сиз эшитмаган 8 маҳсулоти

Мазкур технологиянинг исталган бошқа дактилоскопик модулдан устунлик тарафлари мавжуд. Улардан асосийси – фойдаланувчи нам ёки ифлосланган ҳолдаги бармоғи билан ҳам смартфонини блокдан чиқариб ишлата олади. Агар кимгадир бу усул ёқмаса, бемалол – Synaptics тақдим этган сенсордаги каби, экраннинг муайян бир ҳудудига бармоғини босиб ҳам датчикни ишга тушириш мумкин бўлади.

Бошқача қилиб айтганда, «хитойча Apple» патентлаштирган модул шу каби бошқа ечимларга нисбатан илғорроқ ва истиқболли ҳисобланади. Яқин келажакда Xiaomi компаниясининг янги смартфонлари шу жиҳати билан барчани лол қолдиради. Зеро, бошқа бирорта ишлаб чиқарувчи бундай технологияга эга қурилма таклиф эта олмайди. Янгича – контактсиз дактилоскопик сканер Xiaomi смартфонларига 2018 йилданоқ жорий этилишини кутиш мумкин.

ЎҚИНГ: Xiaomi'дан навбатдаги инновацияни қарши олинг!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!