Xiaomi фанатлари 5 йил кутган хусусият Mi 7’да жорий этилади

  •   DiMaX
  •  3556
  •  02.12.2017 12:01

Xiaomi фанатлари 5 йил кутган хусусият Mi 7’да жорий этилади

Келаси йилнинг биринчи ярмида Xiaomi ўзининг флагман смартфони – Mi 7 моделини тақдим этишидан хабарингиз бор. Ушбу қурилма бозордаги барча Android-смартфонлар орасида энг илғор техник таъминотга эга бўлади, деб ёзмоқда Gizmochina.

ЎҚИНГ: Xiaomi ва Qualcomm энг зўр Android-смартфонни яратишмоқчи

Мазкур девайс 8 ядроли илғор Qualcomm Snapdragon 845 процессори базасида ишлайди. Бу чипсет қудратли Adreno 640 график тезлатгичи ҳамда тўртинчи авлод LTE 4G тармоқларида ўта юқори тезликда маълумот алмаша олувчи X20 модеми билан тўлдирилган.

Хабарга кўра, «хитойча Apple» ишқибозлари беш йилдан буён бу компания қурилмаларига жорий этилишини кутаётган яна бир илғор технология ҳам ушбу флагманда татбиқ этилади. Яъни, Mi 7 модели Qi стандарти бўйича симсиз қувватлаш технологиясини қўллаб-қувватловчи илк Xiaomi смартфони бўлади. Шунга кўра, унинг корпуси шишадан бўлиши эҳтимоли ҳам юқори.

2018 йилдан Xiaomi ўз қурилмаларига Qi симсиз қувватлаш технологиясини жорий этиши ҳақидаги илк хабарлар уч ой аввал – бу компания симсиз электромагнит энергияси консорциуми (Wireless Power Consortium) таркибига қўшилганида пайдо бўлган. Мазкур ташкилотнинг асосий вазифаси Qi симсиз қувватлаш стандартини тарқатиш, шунингдек, шу технологияни қўллаб-қувватловчи турли қурилмаларни сертификатлашдир. Xiaomi мазкур узоқ кутилган хусусиятни Mi 7 смартфонида амалиётга киритмоқда.

ЎҚИНГ: Xiaomi аллақачон Mi 7’ни тайёрламоқда! (+суратлар)

Xiaomi Mi 7 флагмани нафақат энг илғор Snapdragon 845 процессори, балки 6/8 ГБ тезкор ва 64/128 ГБ доимий хотираси билан ҳам мақтанса арзийди. Унда қўшалоқ модулли асосий камера, олд камерасида эса юз сканери тизими ҳам бўлади. Диагоналига 6 дюймли ромсиз AMOLED-экранининг томонлари эса ўзаро 18:9 нисбатда.

Яна таъкидланишича, Xiaomi раҳбарияти мазкур смартфоннинг синов тариқасида ишлаб чиқарилишини хитойча Янги йил байрами – 16 февралгача бошлашга қарор қилган. Мазкур смартфон 2018 йилнинг март-апрель ойларида тақдим этилиши кутилаётир. Айрим инсайдерлар эса ҳатто тақдимотнинг аниқ санасини ҳам айтишаётир – 7 март. Омон бўлсак бирга кўрармиз – биздан узоқлашманг!

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 7: тахминий хусусиятлари, тақдимот вақти ва ҳатто нархи ҳам маълум!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!