Xiaomi ҳамёнбоп Mi A1 камерафонининг асосий афзаллигини кўрсатди (видео)

Xiaomi ҳамёнбоп Mi A1 камерафонининг асосий афзаллигини кўрсатди (видео)

«Хитойча Apple» кечагина Google билан ҳамкорликда Android One туркумига кирувчи Mi A1 смартфонини тақдим этганди. Ҳамёнбоп, аммо кучли бўлган бу смартфоннинг асосий афзалликларини Xiaomi энди видеолавҳада кўрсатди.

Видео аввалида муаллифлар музейни эслатувчи, Mi ҳарфлари шаклидаги бинони кўрсатишади. Унинг ичидаги бош экспонат эса алоҳида стенддан жой олган Mi A1 смартфонидир. Марҳамат, у билан ўзингиз яқиндан танишинг:


Таъкидланишича, бу смартфон орқа панелида дактилоскопик сканери жойлашган металл корпусга эга. Унинг қўшалоқ f/2.2 камераси 12+12 мегапикселли бўлиб, иккала объективнинг ҳар бири бештадан линзадан иборат. Суратга олишда уларга қўшалоқ чақноқ кўмакка келади. Шулар ва бошқа кучли жиҳатлари эвазига, мазкур қурилма яхши ёритилмаган шароитларда ҳам яхши тасвирлар ҳамда 4К-видео суратга ола билади. Шунингдек, сифатини йўқотмаган ҳолда тасвирни икки карра яқинлаштира олади.

Булардан ташқари, видеолавҳа муаллифлари Xiaomi Mi A1 смартфонининг тоза Android 7.1 Nougat операцион тизимида (яъни, одатдагидек MIUI қобиғида эмас) ишлашига ҳам алоҳида эътибор қаратиб ўтишган. Унинг иш столида иккита жилд (папка) мавжуд бўлиб, биринчисида Google тақдим этаётган иловалар, иккинчисида эса – одатда Xiaomi’нинг турли моделлари учун ишлаб чиқарилувчи дастурлар жойлашган.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.