Xiaomi «жонланувчи» расмлар чоп этадиган мўъжизакор чўнтак принтерини чиқарди

  •   DiMaX
  •  2010
  •  02.02.2018 14:48

Xiaomi «жонланувчи» расмлар чоп этадиган мўъжизакор чўнтак принтерини чиқарди

Хитойнинг Xiaomi компанияси ўз ишқибозларини янги оригинал қурилмалар билан ҳайратлантириб чарчамаяпти. Унинг маҳсулотлари орасида мобил алоқа қурилмалари, уй-рўзғор жиҳозлари, фитнес ва саломатлик ускуналари сингари турли-туман гаджетлар мавжуд.

ЎҚИНГ: AliExpress: Xiaomi'нинг сиз эшитмаган 8 маҳсулоти

Кечагина бу компания навбатдаги қурилмаси – XPRINT Pocket AR Photo Printer номли чўнтак принтерини тақдим этди. Унинг асосий ўзига хослиги – тўлдирилган борлиқ технологиясига эга фотосуратлар чоп эта олишидир.

XPRINT Pocket AR Photo Printer – фоторасмларни «йўл-йўлакай» чоп этишга имкон берувчи чўнтак принтеридир. Бунинг учун iOS 9 ёки Android 5 ва улардан кейинги талқинларда ишловчи смартфон ёхуд планшетни Bluetooth ёки NFC орқали XPRINT қурилмасига улаб қўйиш етарли.

Xiaomi анонсига қараганда, XPRINT ёрдамида чоп этилган суратлар катталиги 54×86 миллиметргача бўлиши мумкин; ундан ортиғига принтернинг ўлчамлари имкон бермайди. Бироқ унинг асосий «фишка»си, юқорида таъкидлаганимиздек, тўлдирилган борлиқ технологияси асосида бу расмлар ҳақиқий «жонли» бўлиб чиқади.

Бунинг учун, албатта, Apple’нинг Live Photos расмларидаги каби махсус сурат олиш керак бўлади. Бундай расмларни эса фойдаланувчилар махсус илова ёрдамида яратишлари мумкин. Ушбу турдаги фотосуратни XPRINT орқали чоп этгач, унга илова ёрдамида смартфон камераси орқали қаралса, сурат «жонланади».

ЎҚИНГ: Xiaomi аёллар учун муҳим «ақлли» гаджет тақдим этди

Шундай имкониятлари бўлишига қарамасдан, XPRINT ихчамгина гаджетдир. Принтер ўлчами атиги 133×80×27 миллиметрни, вазни эса – жамланмага кирувчи қоғоз қутичаси билан бирга бор-йўғи 268 граммни (қоғоз қутичасисиз эса 237 граммни) ташкил этади. Яъни, XPRINT одатий смартфон катталигидаги ихчамгина принтер бўлиб, чўнтакка бемалол сиғиб кетаверади.

Xiaomi компанияси XPRINT Pocket AR Photo Printer принтерини Хитойда 12 мартданоқ сотувга чиқармоқчи. Унинг нархи 399 юанга тенг, бу эса тахминан 64 долларга яқин келади. Агарда мазкур мўъжизакор қурилма сизга ёқиб қолса, савдога қўйилганидан кейин онлайн савдо платформаларидан излаб топишингиз ва буюртма беришингиз мумкин бўлади.

ЎҚИНГ: AliExpress’даги товарларга «Terabayt.uz» орқали буюртма беринг!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!