Xiaomi Mi 6C – флагманнинг ҳамёнбоп «қўшкўз» талқини чиқарилади

Xiaomi Mi 6C – флагманнинг ҳамёнбоп «қўшкўз» талқини чиқарилади

Интернетда Xiaomi компаниясининг янги смартфони ҳақида маълумотлар ва унинг сурати чиқди. Бу – Mi 6 флагманининг нисбатан «ихчамроқ» ва ҳамёнбоп версиясидир, деб ёзади GizmoChina.

Xiaomi Mi 6C деб номланган ушбу қурилма компаниянинг ўз процессори ўрнатилган иккинчи смартфонидир. Бунақа биринчи гаджет –  Xiaomi Mi 5C моделига Surge S1 чипсети ўрнатилган бўлса, янги модел эса унинг иккинчи авлоди – Surge S2 базасида ишлайди. У ҳақда ҳозирча аниқланган маълумотлар шулардан иборатки, янги процессор 16 нанометрлик техник жараёнга қурилган бўлиб, икки кластердаги саккизта ядродан иборат: 2,2 ГГц частотада ишловчи тўртта Cortex-A73 ҳамда 1,8 ГГц частотали тўртта Cortex-A53 ядролари. График тезлатгич сифатида эса Mali-G71MP2 чипи танланган.

Янги смартфон ташқи кўриниши ҳам битта авлод олдинги флагманнинг «енгил» талқини бўлмиш Xiaomi Mi 5C моделига ўхшашроқ. Яъни, Mi 6C қурилмаси ҳам тепа ва пастки қисмларида шиша ўрнатмалари мавжуд бўлган металл корпусга жойланган. Дисплей атрофидаги ромлари бироз юпқалашган, дактилоскопик сканер эса олд панелдаги «Уйга» тугмачасида қолдирилган. Аммо экран янги трендга мос тарзда ишланган – унинг томонлари ўзаро 18:9 нисбатда.

Шунингдек, Xiaomi Mi 6 флагманидаги каби, унинг «укаси»да ҳам қулоқчин учун 3,5 миллиметрлик тирқиш бўлмаслиги тахмин қилинмоқда.

Mi 6C асосий камераси қўш объективга эга – унга 12 ва 5 мегапикселлик объективлар ўрнатилган. Бунда иккинчи модул фотосуратларда тасвирнинг чуқурлигини кузатиш ҳамда орқа фонни дастурий таъминот асосида хиралаштириш учун қўлланади. Олд камера хусусиятлари ҳақида ҳозирча маълумотлар чиқмаган.

Ҳозирча Xiaomi Mi 6C’нинг тақдимот санаси аниқ эмас, аммо унинг нархи хусусида маълумот бор – флагманнинг «укаси»га 1699 юань (тахминан 258 АҚШ доллари) нарх белгиланган.

Xiaomi Mi 6C моделининг айрим хусусиятлари:

  • Дисплей: 5,15 дюймлик Full HD;
  • Процессор: Surge S2;
  • Хотира: 4 ёки 6 ГБ тезкор ҳамда 64 ёки 128 ГБ доимий;
  • Камера: асосий – 12+5 Мп.

Айтиш керакки, GFXBenh бенчмаркида Xiaomi’нинг ишчи номи «Jason» бўлган янги смартфон ҳақида ҳам маълумотлар аниқланган ва у Mi 6C дея тахмин қилинган эди; бироқ унинг хусусиятлари сал бошқачароқ. Шунингдек, «Бўйдоқлар куни»га Xiaomi Mi6’нинг «енгил» талқини ҳам чиқаётгани ҳақида хабар берганмиз.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.