Xiaomi Mi 7 экрани суратлари чиқди: «ўйиқ»ли экран ва тўлақонли 3D Face юз сканери!

  •   DiMaX
  •  1071
  •  02.05.2018 08:51

Xiaomi Mi 7 экрани суратлари чиқди: «ўйиқ»ли экран ва тўлақонли 3D Face юз сканери!

«Хитойча Apple» энг илғор Snapdragon 845 процессорига эга, қўш камерали Mi MIX 2S смартфонини жорий йилнинг март ойида тақдим этган эди. Премиум даражасидаги ушбу гаджетнинг нархи ҳам шунга яраша бўлгани боис, уни ҳар кимнинг ҳам чўнтаги кўтаравермаслиги аниқ.

ЎҚИНГ: Mi Mix 2S флагмани AliExpress’да сотувга чиқди, шу ва бошқа девайсларга буюртма беринг! (2018 йил 7 апрель)

Шу сабабли бўлса керак, Xiaomi ўзининг навбатдаги флагмани – Mi 7 моделини ҳам тез орада тақдим этишга қарор қилди. Аслида бу смартфоннинг намойиши март-апрель ойларида бўлиши керак эди, аммо ундаги муҳим инновация – 3D Face юз сканерини мослаштириш ишлари боис тақдимот кечиктирилди.

Хулласи калом, куни кеча – 1 май санасида инсайдерлар Weibo ижтимоий тармоғига Xiaomi Mi 7’нинг экранини акс эттирувчи суратларни жойлашди. Аниқроғи – уларда дисплейнинг ўзи эмас, балки ушбу моделнинг экрани учун ишлаб чиқарилган ҳимоя шишаси намойиш этилган. Шунга қарамай, улар мазкур смартфоннинг олд юзаси ҳақида маълумот олиш имконини беради.

Юқоридаги суратдан аён бўляптики, Xiaomi Mi 7 дисплейида чиндан ҳам iPhone X’дагидек «кемтик» бор экан. Шунингдек, мазкур флагманнинг экрани уч томонидан ромсиз бўлишини ҳам кўряпмиз.

ЎҚИНГ: Энг зўр Xiaomi смартфонида оммавий нуқсонлар чиқа бошлади

Mi 7 экранининг «ўйиқ» жойида эса шу пайтгача бирорта ҳам смартфонда қўлланмаган юз сканери – тўлақонли 3D Face тизими жойлашади. Тўғри, кўплаб Android-смартфонларда фойдаланувчи юзини сканерлаш орқали блокдан чиқариш функциялари мавжуд. Аммо улардан ҳеч бири купертинолик гигантнинг суперфлагманида қўлланган Face ID билан беллаша олмайди. Чунки iPhone X’да мазкур тизим махсус камералар ҳисобига ишласа, рақобатчиларида юзни таниш дастурий таъминот даражасидагина амалга оширилади. Шу тариқа, бу йўналишда iPhone X’га ҳақиқий рақиб мана шу – 3D Face тизимига эга Xiaomi Mi 7 модели бўлаётир.

Xiaomi ўзининг Mi 7 флагманини 23 май куни расман тақдим этилиши кутилмоқда. Шу куни компания яна узоқ кутилган Mi Band 3 смарт-браслетини ҳам намойиш этиши айтилмоқда. Уларнинг бозорга қачон чиқарилиши ва нархлари эса ҳозирча номаълум. Аммо «хитойча Apple»нинг савдога қўйилган кўплаб смартфонлари ва бошқа бир қатор девайсларига юртимизда ҳам буюртма бериш имкони мавжуд.

ЎҚИНГ: Xiaomi’нинг турли гаджетлари нархлари – харидингиз Ўзбекистон бўйлаб етказиб берилади! (2018 йил 26 апрель)

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.