Xiaomi Mi 7 ва Mi 7 Plus: расмий нархи, суратлари ва хусусиятлари

  •   DiMaX
  •  17577
  •  03.01.2018 08:43

Xiaomi Mi 7 ва Mi 7 Plus: расмий нархи, суратлари ва хусусиятлари

Ҳар йили турфа моделларда янги смартфонлар ишлаб чиқарса-да, Xiaomi компанияси уларнинг нархини бир хил даражада ушлаб туришга ҳаракат қилади. Жумладан, бугун тарқалган маълумотга кўра, у ўзининг 2018 йилги флагманлари – Xiaomi Mi 7 ҳамда Mi 7 Plus моделларининг ҳам нархини имкон қадар ҳамёнбоп қилмоқчи.

ЎҚИНГ: Ucell акция доирасида Xiaomi смартфонларига чегирмалар тақдим этмоқда

Янги маълумотларга кўра, Xiaomi Mi 7 смартфонининг экрани томонлари ўзаро 18:9 нисбатда, ўлчами эса диагоналига 5,65 дюймни ташкил этади. Дисплейининг тасвир аниқлиги 2160х1080 пикселли, яъни Full HD+ форматида. Флагманнинг аккумулятори 3200 мА/соат сиғимга эга.

Унинг «ака»си – Mi 7 Plus модели ҳам шунақа, фарқи – у 6 дюймли дисплейга ҳамда 3500 мА/соат сиғимли аккумуляторга эга. Ҳар иккала модел ҳам Quick Charge 4.0 тезкор қувватлаш технологияси эвазига бир соатга етмасдан тўла қувват ола билади. Шунингдек, улар Qi стандарти бўйича тўлақонли симсиз қувватлаш технологиясини ҳам қўллаб-қувватлайди. Шу сабабли корпуснинг орқа қопқоғи шишадан ишланган, унда бармоқ изи сканери ҳам жойлаштирилган. Смартфонлар иккинчи авлод USB Type-C портига эга.

ЎҚИНГ: Xiaomi фанатлари 5 йил кутган хусусият Mi 7’да жорий этилади

Бошқа хусусиятларига келсак, Xiaomi Mi 7 ва Mi 7 Plus флагманлари 2,8 ГГц такт частотасида ишловчи, 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 845 процессори билан жиҳозланган, унга Adreno 630 график тезлатгичи ёрдамга келади. Ҳар иккала моделнинг асосий камераси қўшалоқ – ёнма-ён жойлашган Sony IMX380 ва Sony IMX350 сенсорларидан иборат. Уларнинг тезкор хотираси 6, доимий флеш-хотираси эса 128 гигабайтлик бўлиши айтилмоқда. «Хитойча Apple»нинг бу йилги флагманлари юз сканерига эга, дейишмоқда; афтидан, бу дастурий таъминот даражасида бўлса керак.

Дастлабки маълумотларга кўра, базавий модификациядаги Xiaomi Mi 7 ҳамда Mi 7 Plus смартфонларига 2 699 юань ва 2 999 юань нарх белгиланади. Мазкур нархлар тегишлича тахминан 415 ҳамда 461 долларга тўғри келади. Бу эса, бозорда таклиф этилаётган, шунақа хусусиятларга эга флагманлар орасида энг ҳамёнбопи, деганидир.

ЎҚИНГ: Samsung, Apple, Xiaomi ва Huawei ҳар бир смартфондан қанча соф даромад кўради?

Xiaomi Mi 7 ва унинг «Plus»ли талқини шу йилнинг март ойида расман тақдим этилиши айтилмоқда. Савдога эса улар апрель ойида чиқарилади. Табиийки, улар дастлаб Хитой, сўнг дунё бозорида сотувга қўйилади. Лекин, агарда «хитойча Apple»нинг янги флагманларидан бирини харид қилишга шошиладиган бўлсангиз, интернет-дўконлар орқали буюртма қилиш имкони мавжуд.

ЎҚИНГ: AliExpress’да буюртма қандай расмийлаштирилади