Xiaomi Mi 7: яширадиган сирнинг ўзи қолмади

Xiaomi Mi 7: яширадиган сирнинг ўзи қолмади

Кеча, ниҳоят таниқли инсайдерлар томонидан кўпчилик кутаётган янги флагманнинг ҳақиқий суратларини эълон қилдилар. Xiaomi Mi 7 смартфонининг суратларидан маълум бўлишича, бармоқ изи сканери олд панелда, яъни дисплейга жойлаштирилган.

Бу эса мобил қурилма экрани учун OLED-матрица танланганидан дарак беради. Сабаби Synaptics компанияси таклиф этаётган виртуал бармоқ изи сканери бошқа матрицада фаолият кўрсата олмайди.

Xiaomi Mi 7 смартфонининг орқа панели шишадан тайёрланган ва кўриниши ниҳоятда жозибадор. Бу эса флагман симсиз қувват олиш технологиясига ҳам эга бўлишини исбот қилади. Mi MIX 2S флагмани худди шу функцияга эга бўлган.

Орқа панелнинг юқори чап қисмида қўш сенсорли бош камера вертикал усулда жойлаштирилган.

Xiaomi Mi 7 смартфонининг олд панели бренднинг бошқа смартфон моделларига қараганда ғалати кўриниши мумкин. Яъни, шу вақтга қадар Xiaomi бирор смартфонининг экранига ўйиқ туширмаган эди. Mi 7 модели эса iPhone X'никига ўхшаш дисплей кесимига эга бўлган.

Ўқинг: Биргина стартапнинг баҳоси $4,5 млрд долларга етди

Экран остида эса сезиларли ўлчамдаги виртуал ҳошияга дуч келамиз. Бу эса олд панелнинг жозибадорлигига таъсир қилади.

Инсайдерлар эълон қилган юқоридаги суратларга асосланадиган бўлсак, бўлажак флагман 6,01 дюймли ҳамда 2160 га 1080 пикселли (Full HD+), томонлари 18:9 нисбатли экран билан таъминланади.

Компания раҳбарияти эълон қилган расмий хабарларга кўра, смартфон 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 845 процессорида ишлайди. Унинг частота тезлиги 2,8 ГГц бўлади. Графика ва тасвирни қайта ишлашга Adreno 630 видео картаси, алоқа учун эса 1,2 Гбит/с тезлигида ишлайдиган X20 LTE модеми масъул бўлади.

Ўқинг: Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Хитой юритаётган ижтимоий рейтингга қарши чиқишмоқда

Маълумки, Xiaomi Mi 7 моделида масофадан туриб тўловларни амалга ошириш учун NFC модули ҳам бўлади.

Бўлажак хитойлик флагман харидорларга икки талқинда тақдим қилинади -- 6/64 ГБ хотирали ҳамда нисбатан илғор 8/128 ГБ хотирали талқинларда. Ҳозирча нарх масаласида аниқ бирор хабар йўқ.

Смартфон қадоқдаёқ Android 8.1 Oreo'га асосланган MIUI 9.5 прошивкасига эга бўлади. У Project Treble лойиҳаси доирасида янгиланишларни Google'дан олиб туради.

Xiaomi Mi 7 тақдимоти шу йилнинг май-июнь ойлари оралиғида кутилмоқда.