Xiaomi Mi Mix 2: «суратга олиш майдончаси»да туширилган расмлар!

  •   DiMaX
  •  2598
  •  26.08.2017 13:24

Xiaomi Mi Mix 2: «суратга олиш майдончаси»да туширилган расмлар!

Xiaomi компаниясининг сентябрь ойи бошида тақдим этилиши тахмин қилинаётган Mi Mix 2 смартфони ҳақида тобора кўпроқ гап-сўзлар тарқалаётир. Навбатдаги «сизиб чиққан» маълумотлар орқали биз қурилманинг орқа қопқоғини жонли фотосуратда кўра оламиз.

«Суратга олиш майдончаси»дан олинган расмлар!

Яқиндагина мазкур смартфоннинг иккита авлодига дизайнерлик қилган Филипп Старк Mi Mix 2’нинг концепти акс этган видеолавҳани тарқатган эди. Ундан маълум бўлишича, смартфон катта ромсиз экранга ва керамик корпусга эга бўлади.

Энди эса, гаджетнинг реклама учун амалга оширилган суратга олиш жараёнида туширилган фотолар орқали, унинг олд томонидан кўринишига ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин. Мана, ўзингиз кўринг:

Орқа қопқоғиям маълум

Кейин эса интернетда бу девайснинг орқа томонидан, қия ракурсда олинган ушбу сурати ҳам пайдо бўлди:

Бироқ шу билан бирга, бир қанча саволлар ҳам туғилади. Аввало, унда иккита «тирқиш» кўриняпти – агар булар қўшалоқ камера объективлари бўлса, дактилоскопик сенсор қаерда жойлашади? Ахир, корпуснинг олд юзаси бутунича экран билан қопланган-ку? Наҳотки, Apple изидан Xiaomi ҳам қурилмани блокдан чиқариш учун юзни таниш тизимини ишлаб чиқаётган бўлса?

Нимадан ясалган?

Қолаверса, орқа қопқоқ оқ рангда – у эса пластикка ҳам, керамикага ҳам бирдек ўхшайди. Аммо USB Type-C портининг икки ёнидаги винтлар мавжудлигини инобатга олсак, корпус металлдан ясалган бўлиши ҳақиқатга яқинроқ эканидан далолат беради. Зеро, Mi Mix моделида бундай винтлар йўқ.

Олд панель эса, олдинроқ Старк кўрсатган расмдагига ўхшаш:

Тахминий хусусиятлари

Экран: Japan Display томонидан ишланган, диагонали 6 дюйм, олд панелнинг 95 фоизини эгаллайди;

Чип: саккиз (2,45 ГГц частотали 4 + 1,9 ГГц частотали 4) ядроли Qualcomm Snapdragon 835 ҳамда GPU Adreno 540 график тезлатгичи;

Хотира: 6 / 8 ГБ тезкор, 128 / 256 ГБ ички;

Асосий камера: қўшалоқ модулли, 12 мегапикселли, Sony IMX386 сенсори;

Олд камера: 5 мегапикселли, OV5675 сенсори;

Батарея: 3400 мА/соат;

Операцион тизим: Android 8.0.

Тақдимот вақти ва нархи

Афтидан, Mi MIX 2 модели икки хил талқинда ишлаб чиқарилади. Базавий (стандарт) модель нархи тахминан 600 АҚШ долларига баҳоланади ва унга 6 ГБ тезкор, 128 ГБ ички хотира ўрнатилади. Қимматроқ конфигурацияли варианти эса 750 долларга нархланиб, тегишлича 8 ГБ ва 256 ГБ тезкор/ички хотирага эга бўлади.

Xiaomi’нинг мазкур флагмани 12 сентябрда – нақ асосий рақобатчисининг навбатдаги флагмани билан бир кунда тақдим этилиши кутилмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.