Xiaomi Mi Mix 2 талабгорлари 5 кунда 730 мингдан ошди!

Xiaomi Mi Mix 2 талабгорлари 5 кунда 730 мингдан ошди!

«Хитойча Apple»нинг куни кеча тақдим этган Mi Mix 2 флагмани 15 сентябрь – жума куни сотувга чиқарилади. Бироқ унга олдиндан буюртмалар бериш аллақачон бошланган. Компания шу кунгача келиб тушган буюртмалар сонини мамнуният билан эълон қилди.

Хабарга кўра, янги гаджетнинг тақдимотидан кейинги биринчи куниёқ унга 250 мингта буюртма расмийлаштирилган. Бугунга келиб – аввалдан буюртма беришнинг бешинчи кунида эса бу кўрсаткич салкам 730 мингга етган. Таққослаш учун келтирадиган бўлсак, Samsung’нинг сўнгги флагмани – Galaxy Note 8 учун тақдимотдан кейинги бешинчи кунигача 650 мингта олдиндан буюртма олинган.

Афтидан, Xiaomi Mi Mix 2 савдоси бошланадиган сана – 15 сентябргача буюртмалар миқдори бир миллионга етса керак, дейишмоқда мутахассислар.

Мазкур компаниянинг олдинги флагманларига аввалдан берилган буюртмалар таҳлилига назар соладиган бўлсак, уларнинг биринчи партияси жуда тез сотилиб кетган. Шу қадар тез сотилганки, айрим фойдаланувчилар ҳатто «Сотиб олиш» тугмачасини босишга ҳам улгурмай қолишган!

Жумладан, шу йилнинг 28 апрель куни тонгги 10:00 да Хитойнинг таниқли онлайн дўконларида старт олган савдода Xiaomi Mi 6’нинг илк партияси 15 сониядаёқ сотиб тугатилган. Компаниянинг Ҳиндистонда маҳаллий аҳоли учун махсус ишлаб чиқарган янги Redmi 4A модели тақдимотидан сўнг, смартфоннинг бозорга чиқарилган илк партиясидаги 250 минг дона мобиль алоқа воситаси 4 дақиқа ичида сотилиб кетган. Бу – ушбу моделга сониясига 1,5 мингта буюртма берилган, деганидир.

Демак, Xiaomi Mi Mix 2 ўз «аждод»ларининг бу рекордларини янгилай оладими-йўқми – буни 15 сентябрда кўрамиз, биздан узоқлашманг!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.