Xiaomi Mi Mix 2S тақдимот куни расман айтилди

Xiaomi Mi Mix 2S тақдимот куни расман айтилди

MWC 2018 анжумани арафасида Xiaomi компанияси, ниҳоят сукутини бузди ва кутилаётган кучли флагман -- Mi Mix 2S тақдимот кунини расман эълон қилди. Бироқ, афсуски, бу флагман билан Барселонада танишиш имкони бўлмайди.

Компания бунинг учун алоҳида намойиш тадбирини ташкил қилади. Бунинг учун эса "хитойлик олма"га бир ой вақт керак бўлади. Эълон қилинишича, Xiaomi Mi Mix 2S флагмани ҳам ўзининг ашаддий рақиби бўлиши кутилаётган Huawei P20 флагмани билан бир кунда тақдим қилинади — 27 мартда. Бунинг учун Huawei вакиллари Парижга жўнаб кетишса, Xiaomi девайсини ўзининг қадрдон уйи - Хитойда намойиш қилади.

Компания флагманнинг аппарат платформаси учун Snapdragon 845 чипсетини танлаган. 100% ишонч билан айтиш мумкинки, Xiaomi Mi Mix 2S модели йилнинг мазкур кучли процессорига эга илк флагман бўлади.

Xiaomi бу девайснинг платформа имкониятларини кўрсатиб қўйиш учун смартфонни AnTuTu бенчмаркида ҳам синовдан ўтказиб кўди. Натижада, флагман бу имтиҳонларда 273 741 балл тўплади ва ҳозирча бизга маълум бўлган барча Android-флагманларни "ер тишлатди".

Xiaomi Mi Mix 2s модели олд панели 5.99 дюймли, томонлари 18:9 нисбатли, FHD+ (2260×1080 пиксел) сиғимли тўлиқ экрандан иборат бўлади.

8 гигабайтли тезкор хотира, 256 гигабайтли доимий хотира билан йилнинг энг кучли платморфмага эга мобил алоқа воситаларидан бири бўлади.

Камера ҳам илғор: Mi MIX 2S'да қўш пикселли автофокус тизимига эга бўлган янги Sony IMX363 сенсори ўрнатилади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати -- Sony IMX363 сенсори объектларни танийди ва ўзи мустақил ишга тушади. Камерада суратларни қайта ишлаш технологияси янада такомиллашган.

Mi Mix 2S қуввати учун 3400 мА соат ток қувватига эга аккумулятор масъул бўлади. Смартфон самарали чипга ҳамда қувватни тежайдиган Android 8.0 Oreo'да ишлашини ҳисобга олсак, бу қувват фойдаланувчининг кўнглини чоғ қилади.

Фақат бир саволга жавоб топилмаган: янги девайсда ҳам iPhone X'даги каби ўйиқ бўладими? Бу саволга 27 мартга қадар жавоб топилишига ишонамиз.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!