Xiaomi Mi Mix 2: жиҳат ва камерасида олинган илк суратлар

Xiaomi Mi Mix 2: жиҳат ва камерасида олинган илк суратлар

Кутилганидек, Xiaomi компанияси Хитойда 2-авлод Mi Mix ромсиз флагманини тақдим қилди. Xiaomi Mi Mix илк маротаба 2016 йилнинг ноябрида эълон қилинган эди. Унинг бош ўзига хослиги 6,4 дюймли, деярли ён томонлар ромидан холи дисплей бўлган.

Xiaomi Mi Mix 2 деб ном олган бу модел экранининг томонлар нисбати 18:9 см. Экран олд панелнинг 93 %ини эгаллаб олган. Бунга дисплей остидаги ҳошияни 12% га қисқартириш эвазига эришилган.

Бу гал экран бир оз ихчам: 5,99 дюймли дисплейнинг пикселлар сиғими 2160х1080 та белгини қамраб олади. Бош камера -- 1 та сенсорли. 

Ҳамёнбоп гаджетларининг бош камерасига биринчилардан бўлиб қўш сенсор ўрнатган Xiaomi бу галги флагманига 12 мегапикселли, бироқ энг кучли -- Sony IMX386 сенсорини ўрнатган. Бу камерада олинган қуйидаги илк суратларга баҳо беринг:

Xiaomi Mi Mix 2 керамик корпусга ва бош камера гардишини ўраб олган 18 каратли олтин ҳалқага эга бўлган. Унинг аппарат таъминоти учун Qualcomm Snapdragon 835 чипи масъул. Смартфон оддий талқинида 6 гигабайтли тезкор ва 64/128/256 гигабайтли доимий хотира мавжуд.

Шунингдек, Special Edition, яъни махсус талқинда 8 ГБ "оперативка" ва 128 ГБ доимий ички хотира мавжуд. Бу талқин учун ҳам керамика корпус тайёрланган. Фақат мазкур корпус "unibody", яъни яхлит дизайнда яратилган. Ушбу талқин оқ рангли корпусда ҳам сотувга чиқарилади.

Xiaomi Mi Mix 2'нинг 6 ГБ "оперативка" ва 64 ГБ доимий хотирага эга версияси 507 доллар, 6 ГБ "оперативка" ва 128 ГБ доимий хотирага эга версияси 553 доллар, 6 ГБ "оперативка" ҳамда 256 ГБ доимий ички хотирага эга версияси 615 доллардан сотувга чиқарилади.
Премиум-версия эса 722 АҚШ долларидан сотилади.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Мавзу:

#Xiaomi Mi MIX 2

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.