Xiaomi’нинг махфий тақдимотида Mi 8 хусусиятлари ва нархлари фош бўлди

  •   DiMaX
  •  2855
  •  22.05.2018 10:58

Xiaomi’нинг махфий тақдимотида Mi 8 хусусиятлари ва нархлари фош бўлди

Хитойлик корпорация жорий ойнинг сўнгида матбуот анжумани ўтказишини аллақачон тасдиқлаган. Унда бир неча гаджетлар қаторида Xiaomi’нинг саккиз йиллигига атаб тайёрланган смартфони – Mi 8 флагмани ҳам кўрсатилади.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 8 флагманининг энг ишончли дизайни эълон қилинди

Шу кунларда ушбу компания Хитойда тор доирада ёпиқ тақдимот тадбирини ўтказган, деб ёзади Gizmochina нашри. Унда олинган суратлардан бири интернетга тарқатиб юборилган. Мазкур расмда икки хил талқиндаги Mi 8 моделининг турли жиҳатлари ҳамда нархлари акс эттирилган.

Xiaomi Mi 8 смартфони экрани диагоналига 6,01 дюймлик ўлчамда бўлиб, чиндан ҳам унга дактилоскопик датчик жорий этилган.

ЎҚИНГ: Иш ҳолатидаги Xiaomi Mi 8 «жонли» видеода: бармоқ изи сканери экранда экан!

Шунингдек, мазкур флагманнинг дисплейи устидаги «кемтик»да фойдаланувчи юзини уч ўлчамли сканерловчи 3D-камера тизими ҳам жойлашади. Mi 8 моделининг «электрон юраги» – Android-смартфонлар учун чиқарилган процессорларнинг энг илғори саналмиш якка кристалли Snapdragon 845 тизими бўлади. Смартфоннинг қўшалоқ камераси эса икки каррали оптик зумга эга.

Xiaomi мазкур флагманини хотира ҳажмига кўра икки хил талқинда тақдим этмоқчи ва уларнинг нархлари ҳам шунга яраша бўлади. Бошланғич талқиндаги – 6 гигабайтлик тезкор ва 64 гигабайтлик доимий хотирага эга флагман тахминан 440 АҚШ долларига нархланади. Тезкор ва ички хотиралари тегишлича 8 ва 128 гигабайтлик талқинидаги Mi 8 учун эса 500 доллар атрофида қиймат белгиланган.

«Хитойча Apple» мазкур флагмани ва бошқа бир нечта янги гаджетларини 31 май куни бўлиб ўтадиган тадбирида расман тақдим этмоқчи. Корпорациянинг шу пайтгача бозорга чиқарилган кўплаб моделлардаги смартфон ва бошқа турли девайслари эса Ўзбекистонда ҳам расмий кафолат билан сотилмоқда.

ЎҚИНГ: Тошкентда Xiaomi смартфонлари ва бошқа гаджетлари нархлари (2018 йил 12 май)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!