Xiaomi'нинг ўрта нархли, юртимизда сотилаётган смартфони кучли камерафонларни уялтирди

Xiaomi'нинг ўрта нархли, юртимизда сотилаётган смартфони кучли камерафонларни уялтирди

Xiaomi Mi Note 3 камераси сурат олишда iPhone 7 Plus ҳамда iPhone 7 флагманларини ортда қолдирди. Бу тўғридаги хулосани DxOMark камера сифатини баҳолайдиган бенчмарк мутахассислари тақдим этишди. Хитойлик субфлагман билан ўтказилган синовларда Xiaomi Mi Note 3 смартфони 2016 йилнинг энг яхши камерафонлари бўлган HTC U11 ва Google Pixel билан бир хил балл тўплаган. DxOMark тестларида "хитойлик Олма"нинг Mi Note 3 модели 90 балл тўплаган.

5,5 дюймли аппарат жорий йил биринчи ярим йиллигида тақдим қилинган Mi6'нинг янада катталашган "меросхўри".

Mi Note 3 бош камераси 2 модулли, ҳар бири 12 Мп сиғимли. Уларнинг ёрдамида объектни 2 карра яқинлаштириб ёки орқа фонни ғира-шира қилиб ҳам суратга олиш мумкин. Олд камера — 16 мегапикселли. Камерада фойдаланувчи қиёфасини таниш функцияси ҳам татбиқ қилинган.

DxOMark мутахассисларга кўра, смартфондаги 2 карра яқинлаштириб суратга олиш функцияси ёрдамида деталларга бой, "рақамли шовқин"дан холи тасвир олиш мумкин. Бу гаджет камерасининг кучли жиҳатлари қаторида автофокус тизимининг аниқ ва тезкор ишлаши айтилмоқда.

Ўқинг: Xiaomi қўш камерали, ўрта нархли Mi Note 3'ни ҳам тақдим қилди

Шу билан бирга, Mi Note 3 камераси тасвирдаги орқа фонни ғира-шира қилиб олишда ҳам жуда моҳир камерафон. Шунингдек, камерафон видео тасвирга олаётган ёруғлик паст шароитда бир оз оқсаши кузатилади. Бироқ, бу аксарият флагманлар билан ҳам боғлиқ ҳолат.

Қуйидаги суратлар мисолида бу девайс камерасига ўзингиз баҳо беринг:

Экспертларнинг фикрича, умуман олганда, Xiaomi ўрта нархли смартфонда шу вақтга қадар кучли ҳисобланган флагманларга хос "ўткир кўз"ларни татбиқ қилишга эришган.

Эслатиб ўтамиз, Mi Note 3'нинг 6 ГБ "оперативка" ва 64 ГБ доимий хотирали талқини Хитойда 375 АҚШ доллари, 6/128 ГБ модели 435 доллар, махсус кўк рангли, 6/128 ГБ талқини 450 доллардан сотувга чиқарилган. Айни пайтда Mi Note 3'нинг бошланғич талқини юртимизда ўртача 400 АҚШ долларидан сотилмоқда.

Xiaomi Mi Note 3'да "флагман чип"дан бир қадам орқада бўлган Snapdragon 660 процессори ўрнатилган. Mi Note 3 смартфонидаги оператив хотира 6 ГБ, доимийси — 64 ёки 128 ГБ. Аккумуляторнинг электр токи сиғими — 3500 мА соат. Тезкор қувватлаш технологияси мавжуд.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!