Xiaomi’нинг қудратли Blackshark смартфони Geekbench’да имтиҳон топширди

  •   DiMaX
  •  1500
  •  16.03.2018 18:34

Xiaomi’нинг қудратли Blackshark смартфони Geekbench’да имтиҳон топширди

«Хитойча Apple»нинг кодли номи Blackshark бўлган геймер-смартфон тайёрлаётгани жорий йилнинг февраль ойида маълум бўлган эди. Кейинроқ эса бу қурилма AnTuTu бенчмаркида синовдан ўтгани ҳақида ёзганмиз.

ЎҚИНГ: Xiaomi’нинг ҳали тақдим этилмаган геймер-смартфони AnTuTu’да рекорд ўрнатди!

Энди эса Xiaomi’нинг мазкур смартфони Geekbench сервисида ҳам синаб кўрилганлиги маълум бўлди. Бенчмарк маълумотлар базасида сақланиб қолган ахборотлар Blackshark (ёки Black Shark) номли ушбу қурилманинг айрим хусусиятларини ошкор этди.

Маълум бўлишича, Blackshark SKR-A0 моделининг самарадорлиги юқори – у якка ядроли режимдаги тестда 2452 балл, кўп ядроли синовда эса 8452 очко тўплаган. Шунингдек, Geekbench унинг айрим техник хусусиятларига ҳам аниқлик киритган. Xiaomi бу гаджетига ҳозирда етакчи бўлиб турган Qualcomm Snapdragon 845 процессорини ўрнатган. Мазкур чип 2,8 ГГц.гача такт частотасида ишловчи саккизта ядрони, Adreno 630 график тезлатгичини ҳамда энг янги – 1,2 Гбит/сония тезлигида маълумот алмашиш имконини берувчи Snapdragon X20 LTE модемини ўзида бирлаштирган.

Кўриб турганингиздек, смартфоннинг тезкор хотираси ҳам ҳавас қиларли даражада – 8 гигабайт ҳажмга эга. Унинг бенчмаркда тестдан ўтказиб кўрилган синов намунасининг доимий хотираси 32 гигабайтлик экан, аммо Xiaomi Black Shark расман тақдим этилгач, UFS 2.1 турига мансуб, 128 ҳамда 256 гигабайтлик флеш-хотирага эга бўлган иккита модификацияда савдога чиқарилиши айтилаётир.

ЎҚИНГ: Xiaomi кучли флагманлар «кушандаси»ни тайёрламоқда

Android 8.0 Oreo операцион тизим талқини бошқаруви остида ишловчи мазкур геймерофонга ўйин режимида энг юқори даражада автономликни таъминлай олувчи сиғимдор батарея ҳам қўйилганлиги тахмин қилинмоқда.

Бақувват процессордан ташқари, Xiaomi Black Shark девайси симсиз алоқанинг энг сўнгги – Wi-Fi 802.11ac (2,4 ГГц + 5 ГГц), Bluetooth 5.0 LE, A-GPS ва ГЛОНАСС модуллари, шунингдек, Android Pay тўлов тизими билан ишлай олиши учун NFC модули билан таъминланган. Яхши совутилиши учун корпуси алюминийдан ишланган бу смартфон USB Type-C портига ҳамда кучли стереодинамикка ҳам эга.

Xiaomi Black Shark’нинг намойиш этилиш санаси ва нархи ҳозирча маълум эмас. Бу борадаги янгиликларни бирга кузатамиз, биздан узоқлашманг!

ЎҚИНГ: AuTuTu’да янги рекорд: дунёдаги энг қудратли смартфон энди iPhone X эмас!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!