Xiaomi’нинг селфисеварларга совғаси – Redmi Y1 ва Redmi Y1 Lite тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  2575
  •  03.11.2017 17:26

Xiaomi’нинг селфисеварларга совғаси – Redmi Y1 ва Redmi Y1 Lite тақдим этилди

Ҳиндистон пойтахтида Xiaomi компанияси ўзининг янги – Redmi Y туркумидаги илк смартфонларини тақдим этди. Мазкур ҳамёнбоп туркумда асосий эътибор олд камерага қаратилади, деб ёзади Android Authority нашри.

«Хитойча Apple» ушбу серияда иккита – Redmi Y1 ҳамда унинг ҳамёнбоп талқини – Redmi Y1 Lite моделларини тақдим этди. Ҳар иккала смартфон MIUI 9 бета-талқини бошқаруви остида ишлайди. Улар мазкур тизим қобиғининг барқарор талқинигача ноябрнинг ўрталарида янгиланади. Xiaomi’нинг таъкидлашича, MIUI 9 худди «соф» Android каби тез ишлайди.

ЎҚИНГ: MIUI 9’гача расман янгиланадиган Xiaomi смартфонлари рўйхати

Xiaomi Redmi Y1 моделининг асосий ўзига хослиги – унинг олд камерасидир. Ахир, селфилар зўр чиқиши учун 16 мегапикселли модул билан бирга ёруғлик-диодли чақноқ ҳам ўрнатилган.

Xiaomi Redmi Y1 смартфонининг техник хусусиятлари:

  • Экран: диагонали 5,5 дюймли, 1280х720 пикселли дисплей, Corning Gorilla Glass билан ҳимояланган;
  • Процессор: саккиз ядроли Snapdragon 435;
  • График тезлатгич: Adreno 505;
  • Тезкор хотира: 3/4 ГБ;
  • Ички хотира: 32/64 ГБ;
  • Қўшимча хотира: 128 ГБгача ҳажмли microSD;
  • Олд камера: 16 мегапикселли, f/2.0 апертурали, LED-чақноқли;
  • Асосий камера: 13 мегапикселли, f/2.2 апертурали, автофокусли, LED-чақноқли;
  • Аккумулятор: 3 080 мА/соат;
  • Операцион тизим: Android 7.1.2 Nougat базасидаги MIUI 9 қобиғи;
  • Ўлчамлари: 153х76,2х7,7 мм;
  • Вазни: 150 г.

Мазкур смартфоннинг нисбатан ҳамёнбоп талқини – Xiaomi Redmi Y1 Lite ҳам ташқи кўриниши жиҳатидан шеригидан унча фарқ қилмайди. Фақат бу «енгил» талқиннинг олд камераси «бундайроқ» ва чақноқсиздир. Шунингдек, ички хусусиятларида ҳам фарқ етарлича.

Xiaomi Redmi Y1 Lite смартфонининг техник хусусиятлари:

  • Экран: диагонали 5,5 дюймли, 1280х720 пикселли дисплей, Corning Gorilla Glass билан ҳимояланган;
  • Процессор: тўрт ядроли Snapdragon 425;
  • График тезлатгич: Adreno 308;
  • Тезкор хотира: 2 ГБ;
  • Ички хотира: 16 ГБ;
  • Қўшимча хотира: 128 ГБгача ҳажмли microSD;
  • Олд камера: 5 мегапикселли, f/2.0 апертурали;
  • Асосий камера: 13 мегапикселли, f/2.2 апертурали, автофокусли, LED-чақноқли;
  • Аккумулятор: 3 080 мА/соат;
  • Операцион тизим: Android 7.1.2 Nougat базасидаги MIUI 9 қобиғи;
  • Ўлчамлари: 153х76,2х7,7 мм;
  • Вазни: 150 г.

Ҳар иккала смартфон ҳам савдога 8 ноябрдан чиқарилади. Redmi Y1 модели тезкор ва ички хотирасининг ҳажмига кўра икки хил модификацияда тақдим этилади ва 3/32 гигабайтлиси 140 АҚШ доллари, 4/64 гигабайтлиси эса 170 доллар туради. Redmi Y1 Lite учун эса атиги 115 доллар нарх белгиланган.

Дарвоқе, Ўзбекистонда савдога чиқарилган Xiaomi смартфонларининг «Малика» савдо маркази дўконларидаги сўмда белгиланган нархларини мана бу, уларнинг кредит бўйича сўмдаги нархларини эса мана бу хабарларимизда кўриб чиқишингиз мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!