Xiaomi ўз рекордини янгилади ва энди 100 миллионни кўзламоқда

Xiaomi ўз рекордини янгилади ва энди 100 миллионни кўзламоқда

Xiaomi компанияси раҳбари Леи Цзюн ўз ходимларини янги рекорд билан табриклади – улар сентябрь ойининг ўзида 10 миллион дона смартфон сотишган. Бу эса Xiaomi тарихида илк бор кузатилмоқда, деб ёзади GizChina.

Муваффақият омиллари

Компания смартфонларининг савдоси ўтган йили анча тушиб кетганини ҳисобга олсак, Xiaomi’нинг рекорд кўрсаткичлари янада аҳамиятлироқ кўринади. 2016 йили айримлар ҳатто, бу компаниянинг смартфон бизнеси инқирозга учрашини ҳам прогноз қила бошлашганди. Лекин, мана, кўриб турганимиздек, акси кузатиляпти.

Кузатувчиларнинг фикрича, бугунги рекорднинг бир неча сабаблари бор. Аввало, бу – Ҳиндистон бозорига самарали кириб бориш натижасидир. Иккинчидан, смартфонларни савдога чиқариш схемаларининг ўзгартирилгани ҳам бунга сабаб бўлди: Xiaomi энди ўз маҳсулотларини фақат онлайн тарзда эмас, балки оддий дўконлар орқали ҳам сотишни йўлга қўйган. Яқиндагина – 1 октябрь куни компания Хитой ҳудудида яна 20 та дўконларини очди.  2020 йилгача бундай дўконлар сонини 200 минггача етказиш режалаштирилган.

Хўш, иннайкейин-чи?

Энди шу эришилган рекорд билан чекланиб қолиш – оқилона иш эмас, албатта. Xiaomi ҳам бундан буёғига ҳар бир ойда 10 миллионлик чегарадан юқорида юришни кўзламоқда.

Шу йилнинг охиригача компания 100 миллион қурилма сотишни режалаштирган. Ёки, лоақал шу кўрсаткичга максимал даражада яқинлашишга ҳаракат қилаётир.

Цзюн сўзларига кўра, ҳозирда компания смартфонларига талаб ошмоқда ва улар шунга мос ҳолда таклифни ҳам кучайтиришади.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.