Xiaomi қўш камерали, ўрта нархли Mi Note 3'ни ҳам тақдим қилди

Xiaomi қўш камерали, ўрта нархли Mi Note 3'ни ҳам тақдим қилди

Mi Mix 2 флагманидан ташқари Xiaomi компанияси бугун ўрта нархли мобил телефонлар синфига мансуб Mi Note 3 смартфонини ҳам тақдим қилди. Аппарат жорий йил биринчи ярим йиллигида тақдим қилинган Mi6'нинг янада катталашган "меросхўри".

Xiaomi Mi Note 3 — Mi6 флагманининг янги функциялар билан бойитилган талқини. Дизайни Mi6 моделиники билан бир хил бу смартфоннинг экранни каттароқ -- 5,5 дюймли ва унинг дисплейи икки ёнга қайрилган услубда. Экран сиғими — 1920 х 1080 пикселли. Корпус шиша ва металлдан иборат.

Xiaomi Mi6'дан Mi Note 3 процессори билан ҳам фарқ қилади. Флагманда Snapdragon 835 илғор чипи фойдаланилган бўлса, Xiaomi Mi Note 3'да "флагман чип"дан бир қадам орқада бўлган Snapdragon 660 процессори ўрнатилган. Mi Note 3 смартфонидаги оператив хотира 6 ГБ, доимийси — 64 ёки 128 ГБ. Аккумуляторнинг электр токи сиғими — 3500 мА соат. Тезкор қувватлаш технологияси мавжуд.
Mi Note 3 бош камераси 2 модулли, ҳар бири 12 Мп сиғимли. Уларнинг ёрдамида объектни 2 карра яқинлаштириб ёки орқа фонни ғира-шира қилиб ҳам суратга олиш мумкин. Олд камера — 16 мегапикселли. Камерада фойдаланувчи қиёфасини таниш функцияси ҳам татбиқ қилинган.

Бу гаджет ҳам "аждоди" каби 3,5 мм.ли аудио-туйнукдан маҳрум бўлган. Қадоқда махсус переходник тақдим қилинади.
Девайс олд панелидаги Home сенсор тугмасига бармоқ излари сканери жойлаштирилган.

Mi Note 3'даги операцион тизим — Android'нинг ўзлаштирилган MIUI 9 талқини. Гаджетда Android Pay учун NFC,  стереодинамиклар, ИҚ-портлари ҳам мавжуд. 2 та SIM-кратага мўлжалланган смартфон LTE, Wi-Fi (802.11ac), Bluetooth 5.0, GPS/ГЛОНАСС/Beidou тармоқларида ишлайди.

Нарх ва наво

Mi Note 3'нинг 6 ГБ "оперативка" ва 64 ГБ доимий хотирали талқини Хитойда 375 АҚШ доллари, 6/128 ГБ модели 435 доллар, махсус кўк рангли, 6/128 ГБ талқини 450 доллардан сотувга чиқарилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!