Xiaomi Redmi 5 бугуноқ тақдим этилиши мумкин, илк сурати ва хусусиятлари билан танишинг!

  •   DiMaX
  •  2731
  •  29.11.2017 10:45

Xiaomi Redmi 5 бугуноқ тақдим этилиши мумкин, илк сурати ва хусусиятлари билан танишинг!

Кейинги пайтларда Xiaomi’нинг ҳали тақдим этилмаган Redmi Note 5 фаблети ҳақида миш-мишлар кўпайиб қолди, аммо бозорга бу моделдан олдин ихчамроқ Redmi 5 тақдим этилади. Бу ҳақда, MyDrivers.com маълумотига таянган ҳолда Gagadget хабар берган.

ЎҚИНГ: Xiaomi Redmi 5 моделлари интернет дўконида пайдо бўлди

Хабарга кўра, компания аллақачон бу смартфон тизерини тарқата бошлаган, China Telecom уяли алоқа оператори сайтида эса қурилманинг суратлари ва хусусиятлари эълон қилинган.

Xiaomi Redmi 5 гаджетининг орқа томони кўпроқ Redmi Note 4 смартфонига ўхшаб кетади: корпуснинг қопқоғи металлдан ясалган, тепа ва пастки қисмларида эса пластик қисмлар қўйилган. Камера модули, чақноғи ва уларнинг остидаги дактилоскопик сканер жойлашуви ҳам олдинги авлод девайсларига ўхшаш.

Смартфонга диагонали 5.7 дюймга тенг, томонларининг ўзаро нисбати эса 18:9 ни ташкил этувчи экран ўрнатилган. Дисплейнинг тасвир аниқлиги 1440x720 пикселни ташкил этади. Redmi 5 асосий камераси 12, селфи-камера эса 5 мегапикселли сенсорлардан иборат.

Янги моделнинг «юраги» – саккиз ядроли Snapdragon 625 чипсети, аммо операторнинг маълумотлар базасида у MSM8953lite тарзида кўрсатилган. Бу ердаги «lite» қўшимчаси процессор ядроларининг ишлаш частотаси 1.8 ГГц.гача пасайтирилганини англатса керак, дейилган хабарда. MDE1 индексли ушбу моделда тезкор хотира ҳажми 4, доимий хотира ҳажми эса 64 гигабайт экани акс эттирилган. Шунингдек, унга 128 гигабайтгача ҳажмли хотира картаси қўйиш мумкин.

Корпуснинг юқори қиррасида инфрақизил порт ҳамда қулоқчин учун 3.5 миллиметрлик тирқиш қолдирилган. Аккумулятор сиғими 3300 мА/соатга тенг, агарда экран юзаси Redmi 4 моделларидагига нисбатан 20 фоизга каттароқ эканини ҳисобга олсак, батареянинг қуввати олдинги моделлардаги қадар узоққа етмаслиги мумкин.

Қурилма Android 7.1.2 Nougat базасидаги MIUI 8.5 талқини бошқаруви остида ишлайди. Xiaomi бу янги моделига нега охирги MIUI 9 қобиғини ўрнатмагани ҳам тушунарсиз бўлиб қолаётир.

ЎҚИНГ: MIUI 9’гача расман янгиланадиган Xiaomi смартфонлари рўйхати

Redmi моделлар тизими учун махсус очилган расмий Weibo-аккаунтдаги тизер Xiaomi Redmi 5 модели бугун – 29 ноябрдаёқ намойиш этилишига ишора қилмоқда, дейилади Gagadget хабарида. Лекин MyDrivers.com хабарида ҳамда China Telecom сайтидан олинган қуйидаги маълумотда мазкур қурилма 10 декабрда тақдим этиши кўрсатилган:

Тайванлик инсайдерлар Xiaomi Redmi 5 нархини 212 АҚШ долларига тенг бўлишини айтишган, бироқ бунгача чиққан турли миш-мишларда унинг нархи 150 доллардан бошланиши тахмин қилинган. Эҳтимол, гап айни шу моделнинг турли версиялари ҳақида кетаётган бўлиши, унинг 3/32 ГБ ҳажмли модификацияси ҳам чиқарилиши мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!