Xiaomi Redmi 5: "Малика"дан "бешни олинг"!

Xiaomi Redmi 5:

Xiaomi Redmi 5 — Xiaomi компаниясининг диққатга сазовор арзон смартфони бўлиб, 2017 йилнинг декабрида тақдим қилинган. Бу модел бренднинг йирик дисплейли смартфонини хуш кўрганлар учун айни муддао. Экран диагонали 5.7 дюйм бўлган девайс ҳамёнбоп туркумга хос нарх сиёсатининг "давомчиси" ҳисобланади. Унинг рақиблари орасидан муносибини топиш қийин.

Қадоқни очамиз ...

Xiaomi компаниясининг аксарият смартфонларидан фарқли равишда, мазкур мобил алоқа қурилмаси қадоғи элементларга бир озгина бой — анъанавий фойдаланиш қўлланмаси, қувватлаш қурилмаси, microUSB кабели ва тўғноғичдан ташқари, қадоқда смартфон ёнларини ва орқа панелни қоплайдиган шаффоф тусли силикон ғилоф ҳам совға қилинган. Бу – катта илтифот!

Дизайн ва ўзига хослик

Юқорида қайд этганимиздек,  Xiaomi Redmi 5 смартфони учун 5.7 дюймли кенг форматли дисплей танланган. Унинг пиксел сиғими 1440 х 720 белгига тенг, томонлар нисбати ҳам замонавий стандартда — 18:9.

Корпус бўйлаб тортилган нафис ҳошия, дисплей атрофидаги нозик ҳошия, 2,5D эффектига эга шиша, металлдан тайёрланган орқа панел — 2017 йилнинг смартфони учун стандарт кўриниш ҳисобланади. Шундай бўлса ҳам, чўзилган ва катталашган дисплей эвазига қимматбаҳо кўриниш касб этган.

Смартфон ўлчами ва кўриниши замонавий. Бугун айнан мана шу форматдаги смартфонлар трендда.

Xiaomi Redmi 5 дисплейининг юқорисида датчиклар жамланмаси, суҳбат динамиги ҳамда олд камера модули ўрнатилган.

Смартфон бошқаруви учун дисплейда сенсор панел мавжуд.

"Ҳаракатланиш тугмалари" анъанага кўра, дисплей остига, бироқ виртуал услубда жойлаштирилган. Натижада, корпусдаги анча-мунча ҳудуд фойдали ахборотлар акс этадиган дисплейнинг бир қисмига айланган.

Смартфон орқа панели Xiaomi брендининг бошқа девайсларига хос, айниқса бир қарашда Xiaomi Redmi Note 4x моделини эслатиб юборади.

Орқа панелда корпусдан бир оз кўтарилиб турган бош камера, светодиодли фоточақноқ, бармоқ изи сканери ва MI логотипи мавжуд.

Металл корпус қуйиси пластик билан уйғун ҳолда ишлаб чиқарилган. Бунинг учун ишлатилган барча материаллар сифатли. Аслида Redmi оиласининг барча смартфонлари сифати билан ажралиб туришган.

Redmi 5 моделининг том қисмида аудио қулоқчинлар учун порт, инфра-қизил порт ва микрофонга мўлжалланган туйнук мавжуд.

Корпус қуйисида — иккинчи микрофон, динамик-овоз кучайтиргич, microUSB порти мавжуд.

Овозни бошқариш тугмалари смартфоннинг ўнг томонидан ўрин олган.

Смартфон корпусининг чап томонидан эса хотира картаси ва sim-карт учун бўлмачалар бор.

Смартфонга бир вақтнинг ўзида 2 сим-карта ёки битта сим-карта ва битта microSD (256 гигабайтгача!) хотира ўрнатиш мумкин.

Платформа самарадорлиги

Xiaomi Redmi 5 самарадор ва тезкор ишлаши учун унга 8 ядроли Snapdragon 450 процессори ўрнатилган. Бу чип нисбатан кучли Snapdragon  625'нинг бир оз кучсизланган талқини.

Xiaomi Redmi 5 модели 2 талқинда ишлаб чиқарилади:

2 гигабайтли тезкор ва 16 гигабайтли доимий хотира

3 гигабайтли тезкор ва 32 гигабайтли доимий хотира

Samsung бошланғич нархли смартфонларига ўрнатадиган, шунингдек Xiaomi Redmi Note 5A Prime моделида ўрнатилган Snapdragon 435 билан таққослаганда, бу смартфондаги процессор тезкор. Шунинг ҳисобига смартфон ҳам 25% самарали ишлайди.

AnTuTu тестида Xiaomi Redmi 5 модели 55595 балл тўплаган (Redmi Note 5a Prime'дан 10 000 балл кўпроқ).

Шуларга суяниб айтиш мумкинки, аксарият ўйинларни бу смартфонда ўйнаш мумкин. Баъзи бир, яъни график-тасвирга бой ўйинларни қайта ишлашда бу модел бир оз қийналиши мумкин.

Смартфонда биз кўп марта тавсия қиладиган NFC-модул йўқ. Натижада, дўкон ёки турли хизмат кўрсатиш шаҳобчаларида тўловларни контактсиз, яъни нақд пул ёки карточкасиз, смартфон ёрдамида амалга оширишни хоҳладйдиганла ручун бу модел тўғри келмади.

Смартфондаги бармоқ изи сканери тезкор ва аниқ ишлайди, худди бу туркумдаги бошқа смартфонлардаги каби.

Xiaomi Redmi 5 модели Android 7.1.2 операцион тизимининг MIUI 9.1. прошивкаси билан сотувга чиқарилмоқда. Ҳозирча халқаро талқинни бир оз кутишга тўғри келади.

Куч-қувват манбаи

Аккумулятор масаласида ҳам смартфонда муаммо йўқ, дейиш мумкин – девайс электр токи сиғими 3300 мА соат бўлган "қувват тоши" билан таъминланган.

Қадоқдаги қувватлаш қурилмаси (5В2А) ёрдамида 20 дақиқада смартфон қувватини 27 фоизга, ярим соатда — 39% га кўтариш мумкин. Уни тўлиқ қувватлаш учун эса ўртача 120 минут керак бўлади. Смартфонда тезкор қувват олиш функцияси мавжуд эмас.

Бу куч-қувватнинг қанча вақтга етиши ҳам муҳим, албатта! Экран ёруғлигини 50 фоизга созлаган ҳамда овоз баландлигини 20 фоизга созалаган тақдирда гаджетда 11 соат мобайнида видео кўриш мумкин. Ўйин ишқибозлари эса аккумулятор батареясини тўлдириб 7 соат фойдалана оладилар.

Камера имкониятлари

Xiaomi Redmi 5 модели эга бўлган олд камера 5 мегапиксель аниқлигидаги суратлар олади. Бу – Xiaomi ишлаб чиқарадиган ҳамёнбоп смартфонларга хос стандарт. Яъни, ёруғлик етарли вақтда ўртача даражадаги сифатли суратлар олади. Агар ёруғлик паст бўлса, камера ҳам "ҳаяжонланиб" қолади.

Бош камера сиғими — 12 МП. Бош камера олган суратларнинг сифати ҳам ёруғлик даражасига боғлиқ – ёруғлик яхши бўлса, сифат юқори; ёруғлик паст шароитда суратларда ҳам деталлар йўқолиб, "шовқин" кўпаяди.

Xiaomi Redmi 5’дан "аждодлари"га қараганда бир оз сифатли суратлар кутиш мумкин.

Xiaomi Redmi 5 смартфони олган қуйидаги суратларга баҳо беринг:

Xiaomi Redmi 5 моделининг техник жиҳатлари ҳақида қисқача:

Корпус материали: металл, пластик, шиша;

Операцион тизим: Android Nougat, MIUI 9

Алоқа тармоқлари: 2 та сим-картали, GSM (1/3/5/8), CDMA (BCO), WCDMA (1/2/5/8), TD-SCDMA (34/39), TDD-LTE (34/38/39/40/41), FDD-LTE (1/3/5/7/8);

Дисплей: IPS 5,7'', сиғими 1440x720 пиксел (HD+), томонлар нисбати 18:9 стандартида, экраннинг ёруғлик миқдори 450 нит, контраст 1000:1, 72% NTSC;

Процессор: Qualcomm Snapdragon 450, 8 ядро (Cortex-A53), 1,8 ГГц частота тезлиги, 64 бит, 14нм;

График чип: Adreno 506;

Оператив хотира: 2/3 Гб;

Доимий хотира: 16/32 Гб, microSD мавжуд;

Интерфейс: Wi-Fi 802.11 b/g/n 2.4 ГГц, Bluetooth 4.2, қувватлаш/синхронизация учун microUSB, 3.5 мм.ли гарнитур;

Бош камера: 12 Мп (f/2.2), 5 линзали, пиксел ҳажми -- 1,25 мкм ҳамда PDAF технологияси;

Олд камера: 5 Мп, фоточақноқ;

Навигация: GPS, ГЛОНАСС, BeiDou;

Қўшимча: Бармоқ излари сканери;

Батарея: литий-полимер (Li-Pol), 3300 мА соат сиғимли;

Ўлчамлари: 151,8 мм x 72,8 мм x 7,7 мм;

Вазни: 157 грамм.

Нарх-навоси

Хитойда Xiaomi Redmi 5'нинг энг арзони (2/16 Гб) учун $120, 3/32 Гб талқини учун эса $135 доллар нарх белгиланган. Айни пайтда бу модел юртимизда ҳам сотилмоқда. Жумладан, Redmi 5 моделининг энг қуйи талқини (2/16 гб) 1,300,000 сўмдан сотилмоқда.

Хулоса

Xiaomi Redmi 5 ҳашамга у қадар ўч бўлмаган, бироқ янги тенденцияларга эга смартфонни хоҳлайдиган харидорлар учун айни муддао.

Xiaomi Redmi 5 ҳадеб суратга тушмайдиган, "топ" самарадорлик ортидан чопмайдиган, бироқ дисплейда тасвир ва томоша кўришга иштиёқманд одамлар учун.

Xiaomi Redmi 5 -- Xiaomi'га хос ҳамёнбоп, шу билан бирга замонавий "истарали" ва чиройли, нархи ва сифатини таққослаганда харидорни шод қиладиган гаджетларнинг энг яхшиси.

Хулоса

Xiaomi Redmi 5 -- Xiaomi'га хос ҳамёнбоп, шу билан бирга замонавий "истарали" ва чиройли, нархи ва сифатини таққослаганда харидорни шод қиладиган гаджетларнинг энг яхшиси.

7.2балл

Xiaomi Redmi 5 ҳадеб суратга тушмайдиган, "топ" самарадорлик ортидан чопмайдиган, бироқ дисплейда тасвир ва томоша кўришга иштиёқманд одамлар учун.

Дизайн

Экран

Процессор

Камера

Аккумулятор

Қаердан сотиб олиш мумкин?

"Малика" 1,3 млн сўм Сотиб олиш
asaxiy.uz 1,350 млн сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • ёрқин экран
  • замонавий дизайн
  • яхши аккумулятор
  • қадоқдаги ғилоф
  • арзон нарх

 Камчилиги

  • NFC йўқ
  • ҳозирча халқаро прошивка йўқ
  • камера ўртача
Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Мавзу:

#Xiaomi Redmi 5

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.