Xiaomi Redmi 5 ва Redmi 5 Plus: расмий суратлари ва видеоси

Xiaomi Redmi 5 ва Redmi 5 Plus: расмий суратлари ва видеоси

Хитойлик ушбу смартфонсознинг ҳамёнбоп Redmi 5 ва Redmi 5 Plus моделлари 7 декабрда тақдим этилишидан хабарингиз бор. Бугун шу иккала смартфон расмий суратлари тарқалди ва видеоси эълон қилинди. Бу хусусда Gizmochina нашри ёзган.

ЎҚИНГ: РАСМАН: Xiaomi ромсиз Redmi 5 ҳамда Redmi 5 Plus тақдимот санасини айтди

Ҳар иккала модел ҳам битта модулли бош камерага эга бўлиб, у смартфон корпусининг орқа панелидан сал юқорироқ кўтарилиб туради. Камера датчиги остидаги чақноқдан пастда эса бармоқ изи сканери ўрин олган.

Redmi 5 ва унинг «Plus»ли моделида дисплейларнинг бурчаклари думалоқланган, ромлари юпқа бўлади. Корпус металлдан ишланган бўлиб, тасвирларга кўра, қурилмалар қора, мовий, тилларанг ва пушти рангларда тақдим этилади.

Кўриниб турибдики, Xiaomi Redmi 5 модели Redmi 5 Plus’га нисбатан салгина ихчамроқ. У диагонали 5,7 дюймлик, HD+ сифатли (1440х720 пикселли) дисплейга эга. Snapdragon 450 процессори ва версиясига қараб 2 ҳамда 3 гигабайтлик тезкор хотираси бўлади. Уларнинг иккаласи ҳам, гап-сўзларга қараганда, 32 гигабайтлик ички хотирага эга. Асосий камера 12, селфи-камера эса 5 мегапикселли. Батареяси олинмайдиган бўлиб, 3300 мА/соат сиғимга эга.

ЎҚИНГ: Xiaomi'нинг "йил тренди"га мос янги смартфонлари ва нархлари маълум бўлди

Xiaomi Redmi 5 Plus эса 5,99 дюймлик, FullHD+ сифатли (2160х1080 пикселли) дисплей билан жиҳозланган. Аппарат таъминоти ҳам нисбатан илғор – 3/4 гигабайтлик тезкор ҳамда 64 гигабайтлик ички хотираси бор. Унинг самарадорлигини 64 битли, саккиз ядроли Snapdragon 625 процессори таъминлайди. Камералари худди Xiaomi Redmi 5 моделидаги каби, аккумулятори эса сал каттароқ – 4000 мА/соат сиғимли бўлади.

Redmi 5 ҳамда Redmi 5 Plus учун Android Nougat операцион тизим талқини асосида ишланган MIUI 9 прошивкаси танланган. Уларнинг Хитойдаги нархлари тегишлича 105 ва 160 АҚШ доллари бўлиши тахмин қилинаётир.

ЎҚИНГ: Xiaomi Redmi 5 моделлари интернет дўконида пайдо бўлди

Xiaomi мазкур моделлар учун ажойиб реклама роликлари ҳам тайёрлаган, уларни қуйидаги битта видеода томоша қилишингиз мумкин:

Дарвоқе, дунё бозорида тобора тез танилиб ва ишонч қозониб келаётган Xiaomi’га рақобат қилибми, ё бошқа сабаби борми – ишқилиб, яна бир хитойлик йирик смартфонсоз ҳам айни шу кунига тақдимот режалаштирган.

ЎҚИНГ: Huawei ромсиз Nova 2s смартфони тақдимотини Xiaomi’нинг Redmi 5 модели тақдимот кунига белгилади

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.