Xiaomi Redmi 5 ва Redmi 5 Plus тақдим қилинди: тўлиқ экранли смартфон $120 доллардан

Xiaomi Redmi 5 ва Redmi 5 Plus тақдим қилинди: тўлиқ экранли смартфон $120 доллардан

2016 йилдан фарқли равишда бу йил Xiaomi деярли ҳар ойда у ёки бу гаджети билан жаҳон смартфон бозорини "тўлқинлантириб" турди. Бугунги тақдимотда эса компания йилнинг муваффақиятли ҳамёнбоп смартфонларидан бўлиши кутилаётган моделларни тақдим қилди. Кўриниб турибдики, "хитойлик Олма" флагманларнинг оммага хуш келадиган жиҳатларини ўрганиб, уларни оддий моделларга ҳам жорий қилишга интилмоқда. Бу эса ҳашамни ёқтирмайдиган, бироқ янги тенденцияларга эга смартфонни хоҳлайдиган харидорлар учун айни муддао. Xiaomi Redmi 5 ва Redmi 5 Plus -- мана шу истак ва изланишлар маҳсули.

Аввалбошданоқ айтиш керакки, Xiaomi Redmi 5 ва Redmi 5 Plus ҳадеб суратга тушмайдиган, "топ" самарадорлик ортидан чопмайдиган, бироқ дисплейда тасвир ва томоша кўришга иштиёқманд одамлар учун.

Янги смартфонлар дизайни тўғрисида ихчамгина қилиб ёзиш мумкин: агар сизга Xiaomi'га хос ҳамёнбоп, шу билан бирга замонавий "истарали" ва чиройли гаджет маъқул келса, бу янги моделлар айнан сизбоп.

Дизайнерларнинг универсал кўринишдаги замонавий аппарат яратишга ҳаракат қилгани кўриниб турибди. Смартфонлар кўринишиданоқ одамни ўзига мафтун қилади. Корпус бўйлаб тортилган нафис ҳошия, дисплей атрофидаги нозик ҳошия, 2,5D эффектига эга шиша, металлдан тайёрланган орқа панел — 2017 йилнинг смартфони учун стандарт кўриниш ҳисобланади. Шундай бўлса ҳам, чўзилган ва катталашган дисплей эвазига қимматбаҳо кўриниш касб этган.

Xiaomi Redmi 5 5,7 дюймли, HD+ пиксел сиғимли экранга эга бўлган бўлса, "акаси"даги экран диагонали 5,99 дюймли ва FullHD+ сиғимли. Шундай бўлса-да, бир қарашдаги уларнинг экранлари ҳажмидаги фарқни сезиш қийин. Redmi 5'нинг платформа таъминоит қуйидагича: Snapdragon 450, 2/3 Гб оператив хотира, 16 Гб ёки 32 Гб доимий хотира.

Унга 14 нанометрли техник жараёнда қайта ишлайдиган Qualcomm Snapdragon 450 процессор ўрнатилган. Кўриниб турибдики, ишлаб чиқарувчи имкон қадар ҳамёнбоп гаджет яратишда "олтин ўрталик"ни танлашга уринган. Инжиқ фойдаланувчилар учун бу чип керакли самарадорликни таъминлаб бера олмаслиги мумкин. Ушбу чип мессенжерлар, видео ва бошқа вазифаларни бажаришда қийналмайди, шу билан бирга у қувват тежаш хусусиятига ҳам эга.

Муҳандислар камералар борасида узоқ бош қотириб ўтиришмаган: гаджетларга 5 Мп аниқлигидаги, қолаверса "юмшоқ" тусли фоточақноққа эга олд ҳамда 12 Мп аниқлигидаги бош камера модули ўрнатилган. Улардан "аждодлари"га қараганда бир оз сифатли суратлар кутиш мумкин. Xiaomi Redmi 5'нинг батарейка сиғими 3300 мА соат. Смартфон 2 та сим-картали, бармоқ излари сканерига эга ҳамда Android Nougat'нинг MIUI 9 талқинида фаолият кўрсатади.

Xiaomi Redmi 5 Plus функциялари ҳам деярли шундай, бироқ унга нисбатан илғор ва янги Snapdragon 625 платформаси ўрнатилган. Унинг 2 хил хотирага эга талқини ишлаб чиқарилади: 3/32 Гб ҳамда 4/64 Гб. Шу билан бирга, батареясининг ток сиғими 4000 мА соат. Маълум қилинишича, тўлиқ қувват девайсга 2 кун ишлашига етади.

Янги гаджетлар мовий, тилла ранг, қора ҳамда пушти рангдаги корпусларда ишлаб чиқарилади.

Хитойда Xiaomi Redmi 5'нинг энг арзони (2/16 Гб) учун $120, 3/32 Гб талқини учун эса $135 доллар нарх белгиланган. Xiaomi Redmi 5 Plus'нинг стандарт (3/32 Гб) талқини $150 ҳамда 4/64 Гб версияси $196 доллардан сотувга чиқарилади.

Ҳар иккала модел 12 декабрдан сотила бошлайди. Анъанага кўра, бу нархлар эвазига худди шундай имконият ва жиҳатларга эга бошқа бирор бир смартфон харид қилиш қийин. Бу гал ҳам "хитойлик Олма" мақбул нарх эвазига ажойиб смартфон таклиф қилмоқда.

Xiaomi Redmi 5 техник жиҳатлари:
Корпус материали: металл, шиша;
Операцион тизим: Android Nougat, MIUI 9
Алоқа тармоқлари: 2 та сим-картали, GSM (1/3/5/8), CDMA (BCO), WCDMA (1/2/5/8), TD-SCDMA (34/39), TDD-LTE (34/38/39/40/41), FDD-LTE (1/3/5/7/8);
Дисплей: IPS 5,7'', сиғими 1440x720 пиксел (HD+), томонлар нисбати 18:9 стандартида, экраннинг ёруғлик миқдори 450 нит, контраст 1000:1, 72% NTSC;
Процессор: Qualcomm Snapdragon 450, 8 ядро (Cortex-A53), 1,8 ГГц частота тезлиги, 64 бит, 14нм;
График чип: Adreno 506;
Оператив хотира: 2/3 Гб;
Доимий хотира: 16/32 Гб, microSD мавжуд;
Интерфейс: Wi-Fi 802.11 b/g/n 2.4 ГГц, Bluetooth 4.2, қувватлаш/синхронизация учун microUSB, 3.5 мм.ли гарнитур;
Бош камера: 12 Мп (f/2.2), 5 линзали, пиксел ҳажми -- 1,25 мкм ҳамда PDAF технологияси;
Олд камера: 5 Мп, фоточақноқ;
Навигация: GPS, ГЛОНАСС, BeiDou;
Қўшимча: Бармоқ излари сканери;
Батарея: литий-полимер (Li-Pol), 3300 мА соат сиғимли;
Ўлчамлари: 151,8 мм x 72,8 мм x 7,7 мм;
Вазни: 157 грамм.



Xiaomi Redmi 5 Plus'нинг техник жиҳатлари:
Корпус материали: металл, шиша;
Операцион тизим: Android Nougat, MIUI 9;
Алоқа тармоқлари: 2 та сим-картали, GSM (1/3/5/8), CDMA (BCO), WCDMA (1/2/5/8), TD-SCDMA (34/39), TDD-LTE (34/38/39/40/41), FDD-LTE (1/3/5/7/8);
Дисплей: IPS 5,99'', сиғими 2160x1080 пиксел (FullHD+), томонлар нисбати 18:9, экран ёруғлиги миқдори 450нит, контраст 1000:1, 84% NTSC;
Процессор: 14 нм, Snapdragon 625, 8 ядроли (Cortex-A53 2,0 ГГц);
График чип: Adreno 506;
Оператив хотира: 3/4 Гб;
Доимий хотира: 32/64 Гб, microSD мавжуд;
Интерфейс: Wi-Fi 802.11 b/g/n 2.4 ГГц, Bluetooth 4.2, microUSB порти, 3.5 мм.ли гарнитур;
Бош камера: 12 Мп (f/2.2), 5 линзали, пиксел ҳажми 1,25 мкм ва PDAF технологияси;
Олд камера: 5 Мп, фоточақноқ;
Навигация: GPS, ГЛОНАСС, BeiDou;
Қўшимча: бармоқ излари сканери;
Батарея: литий-полимер (Li-Pol), ток сиғими 4000 мА соат;
Ўлчамлари: 158,5 мм x 75,45 мм x 8,05 мм;
Вазни: 180 грамм.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.