Xiaomi Redmi Note 5 бенчмаркда тестдан ўтди, лекин натижалар шубҳали...

Xiaomi Redmi Note 5 бенчмаркда тестдан ўтди, лекин натижалар шубҳали...

«Хитойлик Apple»нинг ҳали тақдим этилмаган Redmi Note 5 қурилмаси Geekbench бенчмаркида синовдан ўтди. Тест натижалари ҳақидаги маълумотлар сайтда акс эттирилган.

Нималар маълум?

Бенчмаркдаги натижаларга қарайдиган бўлсак, Xiaomi Redmi Note 5’нинг «юраги» msm8952 чипи экан, бу эса 2015 йилда чиқарилган Qualcomm Snapdragon 617 процессорига мос келади.

Бундан ташқари, гаджет 3 гигабайт ҳажмли тезкор хотира билан таъминланган. У Android 7.1.2 Nougat операцион тизим талқини бошқаруви остида ишлайди.

Эсласангиз керак, Redmi Note 5 ва унинг хоссалари ҳақидаги илк маълумотлар шу йилнинг июль ойи бошида чиққан эди. Кейинроқ эса унинг тақдимотга тайёр экани айтилиб, смартфоннинг ва қутиларининг суратлари ҳам тарқатилган. Сўнгра унинг бошқа рендерлари пайдо бўлгани, шунингдек, Xiaomi ходими тасодифан бу янги смартфонни «сотиб қўйгани» хусусида ҳам хабар берганмиз. Яқиндагина эса Xiaomi’нинг илк ҳамёнбоп «қўшкўз ромсиз»лари – Redmi 5 Plus ва Redmi Note 5 расмлари ҳам тарқалган эди.

Нимасидир ўхшамаяпти...

Қизиғи шундаки, Geekbench бенчмаркида акс эттирилган тест натижалари қанақадир ғалати, ишонарсизроқ. Келинг, шуларга бир назар соламиз.

Аввало, янги моделда нега эски процессор қўйилишини тушуниш қийин. Ахир, ҳатто шу қурилманинг битта олдинги «авлоди» – Redmi Note 4 смартфонига ҳам Helio X20, унинг Ҳиндистон учун тақдим этилган талқинига эса Snapdragon 625 чипи қўйилган-ку!

Қолаверса, тестда Snapdragon 617 процессори олти ядроли қилиб кўрсатилган. Аслида эса бу чип саккизта ядродан иборат.

Хуллас, Geekbench’даги негадир шу текширув натижалари шубҳалироқ. Xiaomi Redmi Note 5 ҳақидаги аниқроқ маълумотлардан хабардор бўлиб бориш учун биздан узоқлашманг.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.