Xiaomi Redmi Note 5 сирлари очилди, суратлари сочилди!

  •   DiMaX
  •  3641
  •  23.10.2017 12:06

Xiaomi Redmi Note 5 сирлари очилди, суратлари сочилди!

Хитойнинг Телекоммуникациялар агентлиги – TENAA сайти маълумотлар базасида Xiaomi Redmi Note 5 смартфонининг икки талқини хусусиятлари пайдо бўлди. Булар – Redmi MEE7 ҳамда Redmi MET7 индексларига эга моделлардир, деб ёзади GizmoChina нашри.

Айтиш керакки, агентлик сайтида Redmi MEE7 ва Redmi MET7 индекслари билан акс эттирилган қурилмалар шу пайтгача Xiaomi Redmi 5 ҳамда Redmi 5 Plus смартфонлари, дея тахмин қилинаётган эди. Энди маълум бўлишича, буларнинг иккаласи ҳам Redmi Note 5 гаджетининг икки хил талқини экан. Шунингдек, бу моделнинг Geekbench бенчмаркидаги тест натижалари шубҳали экани ҳақида ҳам ёзганмиз.

Хулласи калом, TENAA сайтидаги сўнгги маълумотлар туфайли, энди биз бу девайснинг ташқи қиёфаси ҳамда техник хусусиятлари ҳақида аниқ тасаввурларга эга бўла оламиз. Ушбу моделнинг иккита талқини фақатгина тезкор ва доимий хотирасининг ҳажмига кўра ўзаро фарқланар экан, бошқа хусусиятлари айнан бир хил. Redmi MET7 талқинида бу хотиралар ҳажми тегишлича 4/64 гигабайт, Redmi MEE7 версиясида эса – 3/32 гагабайтни ташкил этади.

Шунингдек,  интернетда Redmi Note 5’нинг янги суратлари ҳам тарқалган. Уларга ишонадиган бўлсак, янги гаджет камида икки хил – тилларанг ва қора рангли корпусларда ишлаб чиқарилади.Redmi Note 5 смартфонларига диагонали 5,9 дюймга, сиғими 2160x1080 пикселга эга бўлган дисплей ўрнатилади. Бу – мазкур туркумдаги смартфонлар орасида томонлари ўзаро 18:9 нисбатда бўлган экранли илк қурилмадир. Девайснинг «юраги», ixbt.com хабарига кўра, 2,0 ГГц такт частотасида ишловчи, саккиз ядроли аллақандай SoC процессоридир.

Смартфоннинг асосий камераси 12 мегапиксел, олд камераси эса 5 мегапиксел сиғимга эга. Аккумулятори ҳам чакки эмас – сиғими 4 000 мА/соат. Унинг операцион тизими сифатида Android 7.1.2 Nougat кўрсатилган. Девайснинг корпуси ўлчамлари 158,5х75,45х8 миллиметрга, вазни эса 180 граммга тенг бўлиши айтилаётир.

Афсуски, Xiaomi шу пайтгача бу смартфонининг тақдимоти қачон бўлиб ўтишини маълум қилмаган. Фақатгина Redmi MEE7 ва Redmi MET7 индекслари билан акс эттирилган ушбу қурилмаларни «Бўйдоқлар куни»гача чиқариши тахмин қилиняпти, холос.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!