Xiaomi Redmi Note 5A — "Малика"даги энг арзон камерафон!

Xiaomi Redmi Note 5A —

Xiaomi компанияси шу йилнинг августида ҳамёнбоп смартфони бўлмиш Redmi 5A гаджетини ўз юртида тақдим қилган эди. Redmi Note 5A гаджети 2017 йилда энг кўп сотилган Redmi 4A мобил алоқа воситасининг "меросхўри" бўлиб, кенг оммалашган "Redmi 4" смартфонлар оиласининг бир оз арзон вакилидир.

100 долларлик смартфонлар орасида Xiaomi Redmi Note 5a каби сураткашни девайсни топиш имконсиз.

Xiaomi компаниясининг арзон Redmi туркумидаги бу янги модел сифати ва нархи билан рақобатчиларидан устун туради.

Redmi 4A'дан фарқли равишда, Redmi Note 5A корпуси тўлиқ металлдан ишланган ҳамда олд панел Corning Gorilla Glass ҳимоя шишаси билан қопланган. Redmi Note 5A'нинг юқори талқинидагина бармоқ излари сканери жорий қилинган.

Xiaomi Redmi Note 5a — мазкур туркумнинг янги вакили ва айни пайтда унинг юртимиздаги баҳоси 1,066,000 сўмни ташкил қилади. Бу пулга эса "арзончи компания" ёрқин экран, сифатли тасвирга олувчи камералар ва энергияни тежайдиган Qualcomm Snapdragon 425 платформасини таклиф қилмоқда. Қуйида Xiaomi Redmi Note 5a имкониятларини таҳлил қиламиз.

Xiaomi Redmi Note 5a смартфони 2 хил модификацияда ишлаб чиқарилмоқда: улар тезкор ва доимий хотираси билан бир-биридан фарқланиб туради. Ҳар иккала талқин ҳам 13 мегапикселли бош камерага эга бўлган. Бироқ, арзон талқинда 5 мегапикселли, қиммат талқинда 16 мегапикселли сенсорлардан фойдаланилган. Шунингдек, 16 мегапикселли селфи-камерали Redmi Note 5A LED-фоточақноғига ҳам эга бўлган.

Энг қуйи талқин, яъни биз кўраётган моделга хос жиҳатларни кўздан кечирар эканмиз, бу Redmi Note 5a'нинг арзонлигини фаҳмлаш қийин эмас. Snapdragon 425 процессорини аввалбошданоқ бугунги кун учун ўта самарали дейиш хатолигини қайд этиш лозим. Бироқ, бу чипдан барча ҳамёнбопларда фойдаланилади. Ундаги 4 та 64 битли Cortex-A53 ядроларининг ишлаш тезкорлиги 1,4 ГГц ҳамда видео-тасвир учун Аdreno 308 видео картаси масъул.

Тезкор хотира 2 гигабайтли бўлгани билан, аксарият фойдаланувчилар смартфондан ўйин ўйнаш, сурат олиш ва кундалик мессенжер ва интернетдан фойдаланиш каби юмушларни бажаришини ҳисобга олсак, смартфон бу вазифаларни тўлиқ ва муаммосиз уддалайди.

Техник жиҳатлар

Корпус:               металл, пластик;

Дисплей:           5,5 дюйм, HD (1 280 × 720), IPS;

Платформа: 4 ядроли, 1,4 ГГц.ли Snapdragon 425,  видео-карта Adreno 308;

Тезкор хотира: 2 ГБ;

Доимий хотира:            16 ГБ, 128 гигабайтгача хотирани қўллаб-қувватлайдиган бўлмача;

Бош камера: 13 Мп, олд камера — 5 Мп;

Алоқа: 2 та nanoSIM ҳамда алоҳида microSD учун бўлмача;

Алоқа тармоқлари: 2G (GSM): 850 / 900 / 1 800 / 1 900 МГц;

3G (WCDMA): 850 / 900 / 1 900 / 2 100 МГц;

4G (FDD-LTE): 850 / 900 / 1 800 / 1 900 / 2 100 / 2 300 / 2 500 / 2 600 МГц (Band 1/3/7/8/20);

Симсиз интерфейс:      Wi-Fi 802.11 b/g/n, Bluetooth 4.2, GPS, ГЛОНАСС, A-GPS, IrDA;

Датчиклар:       ёруғлик датчиги, оралиқ-масофа, акселерометр, гироскоп, магнитометр, электрон компас;

Операцион тизим: MIUI 9 (Android 7.1.2);

Аккумулятор: 3 080 мА·соат (ажралмас), тезкор қувватлаш технологияси мавжуд;

Ўлчамлари: 76,2  × 153,5 × 7,6 мм;

Вазни: 150 грамм.

Комплектация ва ташқи кўриниш

Xiaomi Redmi Note 5a смартфони у қадар катта бўлмаган, қизил рангли картон қадоқда етказиб берилади. Унда смартфон, зарядлаш учун қурилма, USB-кабел, бўлмачаларни очиш учун тўғноғич ҳамда қўлланмани кўриш мумкин.

Xiaomi Redmi Note 5a қадоғи имкон қадар содда ва унда бирор бир ортиқча аксессуар мавжуд эмас. Ваҳоланки, охирги вақтларда аксарият ҳамёнбоп смартфонлар ҳам экран учун ҳимоя плёнкалари ҳамда шишалари, фирманинг чехоллари ёки аудио қулоқчинлари билан тақдим этилмоқда. Афсуски, Xiaomi бу гал бу тренддан воз кечиб, "қаттиқлик" қилибди.

Xiaomi Redmi Note 5a корпуси тўлиқ металлдан ишлангандек таассурот қолдиради. Унга яқинроқ назар солсангиз, орқа панелнинг пластмассадан тайёрланганини кўриш мумкин. Орқа панел юқорисидан бош камера ва унинг фоточақноғи ўрин олган.

Xiaomi Redmi Note 5a экрани юзасига сифатли олеофоб қопламали ҳимоя шишаси ётқизилган. Экран қуйисида эса остки ёритиш тизимидан мосуво бўлган сенсор тугмаларни кўрамиз. Олд панел юқори қисмида олд камера туйнуги, суҳбат динамиги ва огоҳлантиришлар индикатори мавжуд. Бу ёритгич учун фақатгина оқ тус танланган.

Xiaomi Redmi Note 5a корпусининг ўнг томонида ўчириб-ёқиш тугмаси, овозни бошқариш тугмаси ўрин олган.

Корпуснинг чап томонида эса сим-карталар ва хотира флешкаси учун бўлмачалар мавжуд. 3 бўлмадан иборат бу қисмга бир вақтнинг ўзида 2 та сим-карта ва битта SD-карта кетади.

Xiaomi Redmi Note 5a корпусининг қуйи қисмида қувватлаш ҳамда маълумотлар алмашиш учун порт, микрофон ва ташқи динамик ўрнатилган.

Юқори, яъни том қисмида ҳам қўшимча микрофон, аудио қулоқчин учун туйнук ҳамда ИҚ-порти бор.

Умуман олганда, Xiaomi Redmi Note 5a'ни йиғишда анъанавий материал ва услубдан фойдаланилган. Унутмаслик керак, қаршимизда ҳамёнбоп смартфон турибди. Корпуснинг йиғилиши пухта ва пишиқ, рангланиши сифатли, шунингдек тугмалар ҳам мустаҳкам. Корпус юпқа ва ясси ёнларга эгалиги туфайли, смартфоннинг кафтга жойлашуви қулай.

 

Экран ҳамда овоз

Redmi Note 5a учун 5,5 дюймли сифатли экран танланган. Унинг пикселлар сиғими 1 280 × 720 белгига тенг. Гарчи, пикселлар сиғими у қадар юқори бўлмаса ҳам, экран сифатига юқори баҳо бериш мумкин. Ҳатто энг ўткир назар ҳам бу экрандаги пикселизацияни, шрифт ёки тасвир билан боғлиқ носозликни семайди.

Xiaomi Redmi Note 5a экранидаги ёрқинлик захираси етарли ва у кўчада, ёруғ кунда ҳам панд бермайди. Ёруғликни энг паст даражага қўйиб эса, экранда тунлари мутолаа қилиш мумкин. Бунинг телефонда алоҳида, махсус режим ҳам бор. У кўзни экраннинг кўк тусидан ҳимоя қилади.

Xiaomi Redmi Note 5a смартфонида ўрнатилган ташқи динамикнинг овоз ва товуш таратиш имкониятлари юқори. Қолаверса, огоҳлантиришларнинг овози ҳам яхши эшитилади. Мусиқа тинглаганда эса, унинг сифати меломанларни хурсанд қилмаслиги мумкин. Ундан мусиқий плеер сифатида фақатгина яхши аудио наушникларда фойдаланиш мумкин. Шундагина, ҳаммаси жойида бўлади.

 

Платформа самарадорлиги

Юқорида қайд этганимиз каби, Redmi Note 5a катта самарадорликни ваъда қила олмайди. Бу у қадар ҳайратланарли ҳақиқат ҳам эмас, арзон смартфон моделидан бошқасини кутиш ам хато. Шу билан бирга, смартфон фойдаланувчиси ундан фойдаланиш жараёнида "эзилиб кетади" дегани эмас!

Redmi Note 5a Antutu ва Geekbench каби смартфон платформаси самарадорлигини баҳолайдиган виртуал имтиҳон ресурсларида рақибларига қараганда муносиб балл тўплаган. Мисол учун, Antutu бенчмаркида у 34 минг балл тўплаган. Бу -- ҳамёнбоплар учун яхши натижа.

Бу балл унинг бугунги аксарият вазифаларни муаммосиз бажара олиши, интернетдан фойдаланишда муаммо чиқармаслиги, мусиқа тинглаш ва иловалардан фойдаланиш чоғида узлуксиз хизмат қилиши, видео кўриш ва ўйинлар ўйнаганда маъқул бўлишидан далолат беради.

 Redmi Note 5a билан ўта мураккаба ўйинларни маза қилиб ўйнашни кутиш -- бир оз хато. Бироқ, оддий аркад платформали ўйинлар, бошқотирмали ўйинлар ва графикага у қадар бой бўлмаган ўйинларни мириқиб ўйнаш мумкин.

Аккумулятор имкониятлари

Redmi Note 5a батарея сиғими 3 080 мА· соат бўлса ҳам, бугунги давр учун мазкур сиғим камтар ва ёмон ҳам эмас. Кун давомида фаол фойдаланганда, яъни интернетдан фойдаланиб, ўйин ўйнаб, қўнғироқларни амалга оширганда бу қувват билан смартфон кун охирига қадар "жон сақлайди". Агар энергияни тежайдиган режимни ёқсангиз, смартфон тўлиқ қувват билан 2 кун хизматингизни қилади.

Муҳим жиҳатлари қаторида аккумуляторнинг қувватини 1,5 соат ичида тўлдириб олишини айтиш мумкин.

Кутиш режимида эса бу қувват смартфонга 11 кунга етиши расман эълон қилинган. Redmi Note 5a бу натижага нафақат мақбул операцион тизими, балки машҳур MIUI прошивкаси эвазига эришади. Бунда Xiaomi томонидан ишлаб чиқарилган қувватни тежовчи функциянинг ўрни ҳам юқори. Мисол учун, бу функция батареядаги қувватдан келиб чиқиб, қувватни тежайдиган режимларни ёки тунда "автопилот" режимни автоматик равишда ёқади.

ИҚ-порт

Смартфоннинг яна бир қизиқарли жиҳати қаторига унда инфрақизил портнинг мавжудлигини айтиш мумкин. Унинг ёрдамида телевизор, кондиционер, мусиқий марказ, умуман олганда, маиший техника воситаларини бошқариш мумкин.

Mi Remote иловаси смартфонни барча техникаларнинг универсал бошқарув пультига айлантириши мумкин.

 

Камера

Ёруғлик паст шароитда ўзини йўқотиб қўиш хусусияти барча хитойлик арзон смартфонларга хос. Хитойлик бўлмаган аксарият мобил қурилмалар ҳам ёруғлик паст шароитда яхши тасвир олишга қийналиб қолишади.

Xiaomi Redmi Note 5a эса бу борада бир дадилроқ. Мазкур ҳамёнбоп смартфонни яратиш жараёнида Xiaomi унга ўрнатилган барча бутловчи қисмлардан тежаб қолишга уринган бўлса ҳам, бош камера модули учун яхши сенсор танлашга иккиланмаган. Ҳарқалай, камерада олинган суратлар бу фикримизга гувоҳлик бериб турибди.

Қуйидаги суратларга сиз ҳам баҳо беринг.

Ёруғлик даражаси яхши бўлса, тасвир ранг-тусга тўйинган, деталларга бой, ёруғлик тақсимоти яхши бўлади. Бундай суратлар фойдаланувчининг кўнглини чоғ қилади.

Шу билан бирга, тунги манзарани суратга олиш ҳам қойил қолдиради. Redmi Note 5a камераси ёруғлик паст шароитда ҳам сифатли сурат олишга муваффақ бўлди. Ундан қиммат смартфонлар ҳам бундай шароитда буткул "ўчиб" қолишади.

Дастурий таъминот

Redmi Note 5a смартфонида Андроиднинг MIUI 8 прошивкаси ўрантилган. Яъни, Google, Google Play каби халқаро хизматлар унда мавжуд эмас. Ҳозирда уни илғор MIUI 9 талқинига янгилаш мумкин. Бу талқинда эса Google Play ва бошқа зарур иловалар мавжуд.

 

Хулоса

Қаршимизда қизиқарли смартфон турибди. У ўзидаги ёрқин экрани, яхши овоз таратувчи карнайлари, қулай корпуси ва имконияти юқори камераси билан диққатга сазовор. Тўғри, процессордан жуда катта имкониялар кутиш -- хато. Бироқ, бу ҳам кўпчилик учун муаммо эмас ва бу модел чипи улар учун етарли самарадорликни етказиб бера олади.

Redmi Note 5a'нинг бош жиҳати — камераси. 120 долларлик смартфоннинг бундай суратга олиши -- биз учун янгилик бўлди! Бундайини бошқа топиш ҳозирча қийин. Агар сизга ҳамёнбоп ва яхши камерофон керак бўлса, Redmi Note 5a энг яхши танлов бўлиши мумкин.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

asaxiy.uz 1,3 млн сўм (3/32ГБ) Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!