Xiaomi смартфонлари нега бу қадар арзон?

Xiaomi смартфонлари нега бу қадар арзон?

Xiaomi ҳақида билганимиз шуки — у ҳамнёбоп ва сифатли смартфонлар ва бошқа қурилмалар ишлаб чиқаради. Бор-йўғи шуми? «Хитойча Apple» нега қурилмаларини рақибларидан анча арзонга сотади? Ҳарқалай, савоб учун бўлмаса керак! Бу саволларга Xiaomi компаниясининг маркетинг бўйича директори Донован Сан жавоб беради.

“Xiaomi фақатгина “темир”, яъни смартфон ишлаб чиқариш ёки уларга хизмат кўрсатиш маркази орқасидан кун кўради, деб ўйлаш хато. Бизнинг фаолиятимиз 3 та устундан иборат: қурилма, дастурий таъминот ва эко-тизим ишлаб чиқариш. Смартфонларимиз нархлари смартфонлар таннархини ошириш эмас, балки қўшимча харажатларни камайтириш эвазига арзонлашади. Бизнинг рақибларимиздан фарқимиз ҳам шунда. Мисол учун, рекламага катта пул ажратиш, дўконлар очиш каби ортиқча сарф-харажатдан чекланамиз. Смартфонларимизнинг ўзи — бизнинг бош реклама қуролимиз. Xiaomi смартфонлари эса — онлайн хизматларимизни пуллашимиз учун тайёр платформа. Бу компаниянинг доимий даромад манбаига айланиб бормоқда”, дейди бош менежер.

Донован Саннинг қайд этишича, Xiaomi’нинг фирма хизматлари Хитойни четлаб, жаҳон миқёсида кенг тарқалмоқда.

“Xiaomi смартфонлари савдоси интернет орқали ҳам муваффақиятли бизнесни юргизиш мумкинлигини исботлаб берган бизнес-моделдир. Унда бизнинг рақиблар дўкон очиб, бозорни эгаллаш учун катта маблағ сарф қилиш билан оввора эдилар”.

Компаниянинг янги моделлари янгича дизайн ва сифатли корпус материали, янги процессор, янгича прошивка билан диққатни тортади. Муҳими — буларнинг барчасининг нархи аввалги авлод смартфонлариникидан у қадар ҳам катта фарқ қилмайди.

Мутахассиснинг фикрича, Xiaomi Mi Mix компаниянинг дизайн масаласида нималарга қодирлигини кўрсатиб берди. Бу — Xiaomi телефонларининг истиқболдаги кўриниши.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!