Xiaomi ва Google Mi A1'ни тақдим қилди: камера iPhone 7 Plus'ники каби

Xiaomi ва Google Mi A1'ни тақдим қилди: камера iPhone 7 Plus'ники каби

Xiaomi компанияси бу галги ҳамёнбоп, шу билан бирга, кучли камерафонни Google компанияси билан ишлаб чиқарди. Арзон смартфонлар туркуми бўлмиш янги Android One оиласининг илк вакили Xiaomi Mi A1 деб номланди ва аксарият жиҳатлари билан бир муддат аввал тақдим қилинган Xiaomi Mi 5X'ни эслатиб юборади. 

Мазкур мобил телефоннинг бошқа моделлардан энг катта фарқи -- у ишлаб чиқарувчининг MIUI прошивкаси эмас, Google'нинг Android One тизимига эга бўлади. Xiaomi Mi A1 — Xiaomi'нинг Android One тизимида тақдим қилинган илк смартфони. Смартфон Google'дан янгиланишларни мунтазам олиб туради.

Смартфон ниҳоятда жозибадор дизайнда. Жумладан, унинг корпус қалинлиги 7,1 мм. Корпус ёнларига силлиқ қайрилган дизайнда ишлов берилган. Орқа панелда бармоқ излари сканери жойлашган. Экран ҳимоя шишаси билан қопланган. Дисплей бўйлаб 2.5D эффектига эга шиша ётқизилган.

Хитойлик ишлаб чиқарувчининг янги мобил алоқа воситаси металл корпус ва қўш сенсорли  12 + 12 Mp бирикувидаги флагман камерага эга бўлган. Девайснинг бу жиҳати iPhone 7 Plus'га ўхшаб кетади. Олинган суратларни қайта ишлаш учун махсус -- "сунъий идрок"технологияси татбиқ қилинган алгоритми ишлаб чиқарилган. 5 мегапикселли селфи-камерада ҳам суратни қайта ишлаш учун шундай инновацион алгоритм жорий қилинган. Шунингдек, камералар 2 карралик оптик яқинлаштириш функциясига ҳам эга бўлган.

Қуйидаги сурат Xiaomi Mi A1'да олинган

Ишлаб чиқарувчи бош камера пикселининг 1,25 мкм.га ошгани, бу эса ҳозирги одатий сенсорлардан ёруғликни 56% га яхшироқ қабул қилиши ва натижада, сурат янада ёрқин чиқишини алоҳида қайд этган.  

Шунингдек, Xiaomi Mi A1'нинг платформа самарадорлиги Xiaomi Mi 5X ва Xiaomi Redmi Note 4'дан қолишмайди. Яъни, смартфон айни пайтда ўрта даражали "ақлли телефон"лар эга бўлаётган илғор чип билан таъминланган. 

Дастурий таъминотни йил охирига қадар энг сўнгги операцион тизим -- Android 8.0'га янгилаб олиш мумкин. Қолаверса, бу қурилма Google'нинг ҳам маҳсулоти экани ҳисобга олинса, девайс фойдаланувчилари биринчилардан бўлиб Android P платформасини ҳам янгилаб олишлари мумкин. Xiaomi Mi A1'да USB Type-C универсал порти ҳам ўрнатилган.

Қисқача техник тавсиф:

Экран: 5.5", Full HD, IPS

Чип: Snapdragon 625;

Хотира: 4 ГБ тезкор, 64 ГБ доимий, microSD -- 128 ГБ;

Бош камера: 12 + 12 Mp;

Олд камера: 5 Mp;

Батарея: 3080 мА соат;

Операцион тизим: Android 7.1.2.

Xiaomi Mi A1'нинг овоз таратиши ҳам диққатга сазовор: смартфонда юқори технологияли қулоқчинларни қўллаб-қувватлайдиган DHS овоз узатиш алгоритмидан фойдаланилган.
Xiaomi Mi A1 2 та SIM-картали, алоқанинг 4G VoLTE, Wi-Fi 802.11 ac (2.4GHz / 5GHz), Bluetooth 4.2, GPS + ГЛОНАСС тармоқларида ишлайди. Смартфон ўлчамлари: 155,4 х 75,8 х 7,3 мм, вазни -- 168 грамм. Xiaomi Mi A1 3 хил рангдаги — қора, пушти ва тилла рангли корпусларда сотувга чиқарилади.

Сотувга чиқиш вақти ҳамда нархи

Xiaomi Mi A1 2 талқинда ишлаб чиқарилади. Унинг 4+64 ГБ талқини 12 сентябрдан 230 АҚШ долларидан сотувга чиқарилади.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.