Xiaomi ва Qualcomm энг зўр Android-смартфонни яратишмоқчи

Xiaomi ва Qualcomm энг зўр Android-смартфонни яратишмоқчи

Хитойлик ушбу технологик компаниянинг навбатдаги флагманига Qualcomm’нинг ҳали эълон қилинмаган Snapdragon 845 процессори ўрнатилади. Бу ҳақда GizmoChina ресурси хабар берган.

Сайт манбаси бўлмиш хитойлик инсайдернинг сўзларига кўра, Qualcomm ҳозирда Xiaomi билан биргаликда Snapdragon 845 чипини оптималлаштириш устида ишламоқда. Унинг таъкидлашича, компания режалаштирган ишларига ўз вақтида улгуриб келаётир ва Mi 7 моделининг синов ишларига шу йилнинг ноябридаёқ киришади. Тест ишлари бир неча ой давом этиб, 2018 йилнинг февралида якунига етади. Snapdragon 845 процессорида ишловчи Xiaomi Mi 7 эса шу пайтгача яратилган Android-смартфонларнинг энг кучлиси бўлиши кутилмоқда.

Шунингдек, инсайдернинг қўшимча қилишича, Mi 7 катта OLED-экранга эга бўлади, аммо бармоқ изи сканерини ҳали дисплей остига (яъни, экраннинг ўзига бармоқ босиш орқали сканерланадиган қилиб) жойлаштира олишмаган.

10 нанометрли Snapdragon 845 чипи – Qualcomm’нинг флагман процессори бўлади. Гап-сўзларга қараганда, уни ишлаб чиқариш билан Samsung шуғулланади. Яна тахминларга кўра, бу процессор Cortex A75 ядросига ва Adreno 630 график тезлатгичига асосланади.

Mi 7 эса Xiaomi компаниясининг симсиз қувватланадиган биринчи смартфони бўлиши кутилмоқда. Уни 2018 йилнинг биринчи ярмида тақдим этишлари эҳтимоли юқори.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.