Xiaomi X1 нархи расман маълум қилинди

Xiaomi X1 нархи расман маълум қилинди

Xiaomi бу йил смартфон бозорида катта ишонч билан ҳаракат қилмоқда. Йилнинг иккинчи ярми бренд учун тақдимот ва янги смартфонларга бой бўлиши кутилмоқда. Жумладан, хитойликнинг ҳамёнбоп ва ўрта нархли бир-биридан қизиқарли смартфонларига гувоҳ бўлишимиз аниқ.

Хитойлик смартфонсозларга хос изоҳлаб бўлмайдиган ҳолат мавжуд: уларнинг барчаси "фарзандли" бўлгиси, яъни қуйи брендга эга бўлгиси келади. Улар янги стартапларга пул тикишни яхши кўришади. Мисол учун, ZTE корпорацияси "Nubia", Huawei эса "Honor" каби қуйи брендларга эга бўлишган.

Xiaomi ҳам, ниҳоят бу шарафли номга эга бўлмоқда ва Lanmi (кўк гуруч) номли бренд остида ўзининг смартфонларини ишлаб чиқармоқда. Xiaomi X1 ёки Lanmi X1 смартфони бу бренднинг илк гаджети бўлиб, унинг жиҳатлари ва ҳамёнбоп нархи ҳозирданоқ Xiaomi'га мухлислар олиб келмоқда. 

Смартфон постери, дея тахмин қилинаётган янги суратлар инсайдерлар томонидан тарқатилган маълумотларга тўла мувофиқ келади: яхлит металл корпус, 5,5 дюймли дисплей, оптик зум технологияси жорий қилинган қўш сенсорлик бош камера (битта модул кенг бурчакли сурат олса, бошқаси — телеобъектив вазифасини бажаради).

Маълум қилинишича, унинг платформаси Oppo R11 каби, Snapdragon 660 чипига эга бўлади. Бу процессор флагман чиплардан бир қадам орқада. Xiaomi X1 корпуси 2 хил дизайнда тайёрланади: ромсиз ва анъанавий корпусда. Ромсиз дизайндаги корпусда бармоқ излари сканери орқа корпусдан ўрин эгаллайди.

Ромсиз талқин 5,5 дюймли, пикселлар сиғими 2160 x 1080 белгига тенг бўлган дисплейга эга бўлса, анъанавий талқин 5,5 дюймли Full HD (1920 х 1080 пикселли) дисплей билан таъминланади.

Кутилаётганидек, Xiaomi X1 ёки Lanmi X1 баҳоси ҳам бренд тамойилларидан четга чиқмаган ҳолда бўлади. Унинг 4/64 Гб хотира талқини $265 доллардан сотувга чиқарилади. Шунингдек, Xiaomi X1'нинг 6/128 Гб хотира талқини $295 доллардан сотилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!