Xiaomi хатосидан миллионлаб смартфон харидорлари жабр кўрмоқда

  •   DiMaX
  •  4309
  •  13.01.2018 15:44

Xiaomi хатосидан миллионлаб смартфон харидорлари жабр кўрмоқда

Хитойнинг смартфонсозлик соҳасида ҳам яхши ном қозониб келаётган Xiaomi компанияси кутилмаганда «қовун тушириб» қўйди. Ишлаб чиқарувчининг хатоси туфайли, мазкур компаниянинг ҳамёнбоп тоифага мансуб смартфонини харид қилиб, уни янгилаган фойдаланувчилар қийин аҳволга тушиб қолишди. Гап 2017 йилнинг сентябрида тақдим этилган Xiaomi Mi A1 қурилмаси ҳақида кетмоқда.

ЎҚИНГ: Xiaomi ва Google Mi A1'ни тақдим қилди: камера iPhone 7 Plus'ники каби

Хабарингиз бор – Xiaomi мазкур смартфонига ўзининг ишланмаси бўлмиш MIUI прошивкасини эмас, балки Google билан ҳамкорлик қилган ҳолда «соф» Android операцион тизимини ўрнатган ҳолда чиқармоқда. Ушбу моделга заводдаёқ Android 7.1.2 Nougat операцион тизим талқини ўрнатилган ҳолда чиқарилган бўлиб, компания ўшанда уни то 2017 йилнинг сўнгига қадар Android 8.0 Oreo талқинигача янгилашга ваъда берганди. «Хитойлик Apple» ўз сўзининг устидан чиқди – декабрнинг охирида мазкур смартфонлар учун янгиланиш тақдим этилди.

Лекин ҳаммаси шундан кейин бошланди: аниқланишича, Xiaomi Mi A1 смартфонларида Android операцион тизимининг 8.0 Oreo талқини жудаям ёмон ишламоқда. Мазкур қурилмадан харид қилган ўн минглаб кишилар унинг самарадорлиги пасайиб кетганидан шикоят қилишмоқда. Кўп ресурс талаб этувчи 3D-ўйинлар нарёқда турсин, ҳатто оддийгина график қобиқ интерфейсининг ўзи ҳам секинлашиб қолган.

Тўғри, бунақа муаммо билан нолиётганлар унчалик кўп эмасдир, аммо яна битта «ишкал» ҳам бор: Bluetooth модули фаоллаштирилган ҳолатда турса, смартфон аккумуляторининг қуввати жуда тез тугаб қоляпти экан. Бундан шикоят қилувчилар эса ниҳоятда кўп – харидорларнинг нақ ярми! Агар йилнинг бошида энг оммалашган смартфонлар рўйхатининг бошида айнан Xiaomi Mi A1 турганини ҳисобга олсак, дунё бўйича қанчалар кўп фойдаланувчи жабр кўрганини тасаввур қилиш мумкин.

ЎҚИНГ: 2018 йил бошида энг оммалашган 10 смартфон

Xiaomi корпорацияси бу муаммоларнинг ва яна айрим майда нуқсонларнинг мавжудлигини расман тан олди. Шу боис у мазкур русумдаги қурималари учун Android 8.0 Oreo операцион тизимини «ҳаво орқали» юборишни тўхтатиб ҳам қўйди.

Mi India ваколатхонасининг таъкидлашича, янгиланган Android 8.0 Oreo талқини яқин ҳафталар ичида тақдим этилади. Унда юқорида таъкидланган ва бошқа камчиликлар бартараф этилади. Агарда сиз ҳам Xiaomi Mi A1 харид қилган ва уни Android 8.0 Oreo талқинигача янгилаган, натижада шу муаммоларга дуч келган бўлсангиз, янгиланишларни бекор қилиш учун қуйидаги мақолада кўрсатилган тавсиялардан фойдаланишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Android’ни олдинги версиясига қайтарамиз

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.